Булунғур туман ҳокими томорқалардан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида туман ҳокими Баходир Бахрамов “Мингчинор”, “Исори Ўроқли”, “Нурли йўл” маҳаллаларида бўлди.

 

Ўрганиш давомида “Мингчинор” маҳалласида эртапишар экинларни экиш ишлари қониқарли даражада амалга оширилаётганлиги, хусусан, ердан самарали фойдаланишни мақсад қилган фуқаролар томонидан боғ, токзорлар ичига ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилиб, парвариш қилинаётганлиги кузатилди. Ушбу тажрибани туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар бериб ўтилди.

 

Бироқ, амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга қарамасдан, “Исори Ўроқли” ҳамда “Нурли йўл” маҳаллаларида ердан самарали фойдаланилмаётганлиги маълум бўлди. Юртбошимиз томонидан боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланаётган бир вақтда, “об-ҳавонинг ноқулай келганлиги сабабли” мазкур маҳаллаларда эртапишар экинлар ҳалигача экилмаганлиги туман ҳокими томонидан қаттиқ танқид қилинди. Ушбу ҳолатни қисқа муддатда назоратга олиш ва тегишли чораларни кўриш тўғрисида масъулларга кўрсатмалар берилди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM