Реклама ва умумий саводхонлик даражаси боғлиқми?

Бугун тадбиркорлик соҳасида, шубҳасиз, рекламанинг ўрни муҳим. Тадбиркорларимиз реклама орқали ўз мижозларини “чақиришади”.

Хуллас, бугун туманимизнинг ҳам қаерига қараманг “ўзига хос” реклама баннерлари билан тўла. Уларни ҳар биримиз, ҳар куни кўрамиз. Шу боисдан бўлса керак, улардаги хато ва камчиликларни баъзан, илғамаймиз ҳам. Кўрсак ҳам, индамасдан йўлимизда давом этамиз. Менга нима, дейсизми? Тўғри, уларнинг сизга зарари тегмас, балки... Аммо, миллатимиз келажаги бўлмиш ёшларимизга зарари ҳақида ҳам ўйлаб кўрганмисиз ҳеч? Сон-саноқсиз рекламаларни, яна қанақа, ичи тўла имло хатолари билан ёзилган, русча, инлизча, яна қанақадир хорижий тилларда, баъзан ўзбек тили (Она тилимиз!) билан аралаштириб ёзилган ушбу рекламаларни ёшларимиз ўқиб катта бўлишмоқда.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида муҳтарам юртбошимиз: “Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради.”, деганларида нақадар ҳақ эдилар.

 

Шу ва шу каби камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида, бугун, 29 ноябрь куни туман ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари, “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши раиси ҳамкорлигида тумандаги савдо шахобчалари, турли тадбиркорлик субъектларининг реклама баннерлари ҳолати, ёзилиши, ундаги суръатлар, ўрнатилган ўрни каби ҳолатлари ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хусусан, белгиланмаган ҳудудларга реклама баннерларини ўрнатмаслик, имло хатолар билан ёзилган сўзларни тўғирлаш, имкон қадар соф ўзбек тилидан фойдаланиш борасида зарурий тушунтириш ишлари олиб борилди.

 

“Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, – Ш.Мирзиёев.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM