Марафонда 500 дан ортиқ киши иштирок этди.

Бугун эрта тонгдан тумандаги Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биноси олдига туманнинг турли манзилларидан келган қалби қайноқ, ўзига ишончи баланд, жамиятимиздаги жараёнларга бефарқ бўлмаган, уларда бевосита иштирок этиш ва ўз ҳиссасини қўшишни истовчи турли ёшдаги, турли касбдаги инсонлар жам бўлишди.

 

Сабаби, 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ташкил этилган югуриш марафонига айнан ушбу манзилдан старт берилди. Масофа 3 км узоқликда бўлиб, иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларда автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланиб, тез ёрдам ходимлари жалб этилди. Марафонга ноўрин аралашувларнинг олдини олиш мақсадида йўл бўйлаб туман ИИБ профилактика нозирлари жойлаштирилди. Марафон иштирокчиларининг ҳалол ғолиб бўлишларини таъминлаш, йўлнинг ярмидан аралашувлар бўлмаслигини назорат қилиш мақсадида ҳакамлар ҳайъатидан иборат экспертлар гуруҳи туман “Ватанпарвар” ташкилоти автотранспорт воситалари ёрдамида марафон иштирокчиларини кузатиб боришди.

 

Ғолиблар 3 та ёш тоифасида, эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида-алоҳида аниқланди. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Б.Ильчиев барча иштирокчиларга ўз миннаддорчилигини билдириб ўтди ва эртага, 12 январь куни ўтказиладиган “Ҳарбий парад” ва туман ҳокими Б.Бахрамов бошчилигида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимига барчани таклиф этди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 30 ёшдан юқори хотин-қизлар ўртасида барча ўринларни туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари банд этишди. Албатта, бу саломатлик посбонлари томонидан ҳар ҳафта шанба куни оммавий равишда ўтказилаётган саломатлик акцияларининг натижасидир.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM