Бюджет ҳисоботи ва лойиҳаси

2019 йил якуни билан Булунғур туман маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2020 йилга мўлжалланган лойиҳаси тўғрисида

МАЪРУЗА

 

Ҳурматли Баходир Абдуллаевич!

Ҳурматли депутатлар ҳамда сессия қатнашчилари!

Бугунги Сизларнинг эътиборларингизга тақдим этилаётган маърузамиз 2019 йил маҳаллий бюджетнинг кутилаётган ижроси ва “2020 йил учун Булунғур тумани бюджети тўғрисида”ги қарор лойиҳасига бағишланган.

Асосий мавзуга ўтишдан аввал, рухсатингиз билан 2019 йил якуни бўйича туман маҳаллий бюджетнинг кутилаётган ижросига қисқача тўхталиб ўтсак.

2019 йил якунларига кўра, туман маҳаллий бюджетининг даромадлари 37 млрд. 300 млн. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 145,6 фоизга ошиши кутилмоқда.

Охирги 2018-2019 йилларда жойларда бюджет даромадларининг ўсиши муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида муваффақиятли ўтказилаётган солиқ ислоҳотларининг ва даромалар соҳасида маҳаллий ҳокимиятларнинг ваколатлари кенгайтирилиши натижаси деб ҳисоблаймиз.

Хабарингиз бор 2019 йилдан бошлаб:

-давлат мақсадли жамғармаларга товар айланмасидан олинадиган
3,2 фоизли
мажбурий ажратмалар бекор қилинди;

-юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача камайтирилди;

-жисмоний шахслар даромад солиғи прогрессив ставкаларини ўрнига ягона 12 фоизли ставка жорий қилинди (аввалги йил 7,5/16,5/22,5);

-фуқароларнинг 8 фоизли мажбурий суғурта бадали бекор қилинди;

-ягона ижтимоий тўлов ставкаси хусусий сектор учун 25 фоиздан
12 фоизгача камайтирилди;

-ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилди.

Шу билан бирга, йиллик айланмаси 1 млрд.сўмдан ошган корхоналар учун умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш тартиби жорий қилинганлиги сабабли:

-қўшилган қиймат солиғи тўловчилари йил бошидаги 48 тадан 99 тага етди;

-мулк солиғи тўловчилари 121 тадан 179 тагача;

-ер солиғи тўловчилари 194 тадан 236 тагача;

-сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар сони
55 тадан 107 тага ошди.

-100,0 млн.сўмдан 1 млрд.сўмгача товар айланмага эга бўлган 624 та якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловига ҳамда 3 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтди;

Солиқ ставкаларининг пасайиши натижасида жорий йилда маҳаллий бюджетнинг йўқотишлари 3,2 млрд.сўмни ташкил қилиши керак эди.

Бироқ, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши, тарифларни тўғрилаш (корректировка), ғалла, ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши, ҳамда жорий этилган солиқ ислоҳотлари натижасида қўшимча даромад базаларининг кенгайиши ҳисобига йўқотишлар ўрнини қоплаб, бюджетга тасдиқланган прогнозга нисбатан қўшимча 11,0 млрд.сўмдан кўпроқ маблағ ундиришга эришишни прогноз қилганмиз.

Жумладан, маҳаллий бюджет ихтиёрида жорий йил охирига қадар қарийб 5,5 млрд. сўмлик қўшимча маблағлар қолиши кутилмоқда

Йил давомида туширилган қўшимча даромадлар ҳисобидан:

-“Обод қишлоқ” дастури доирасида 3 та қишлоқда бошланган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун  2 825,6 млн. сўм;

-Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ижтимоий соҳа муассасаларига 362,3 млн. сўм;

-Харбий-маъмурий секторни ривожлантириш учун– 200, млн. сўм маблағ ажратилди.

Ҳурматли депутатлар!

2020 йилда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларини давом эттириш билан бирга бюджет сиёсатида ҳам жиддий ўзгаришлар назарда тутилмоқда.

Туман маҳаллий  бюджети қарор лойиҳаси,Сизларга биринчи марта, вилоят Молия бош бошқармасининг хулосасига асосан қонунга мувофиқлаштирилган шаклда тақдим этилди.

Бундан кўзланаётган асосий мақсад:

Биринчидан, бюджетни қабул қилиш ва ижросини таъминлашда Халқ депутатлари Кенгашларининг назоратини кучайтириш;

Иккинчидан, бюджет интизомини мустаҳкамлаш;

Учинчидан, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

Тўртинчидан, бюджет ижроси жараёнининг иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдир.

Ушбу мақсадларга эришиш учун таклиф этилаётган қарор лойиҳасининг энг муҳим жихатларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Қарор лойиҳасида 2020 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлари ва харажатлари  аввалги йиллардан фарқли ўлароқ маълумот учун киритилмоқда.

Бунинг моҳияти шундан иборатки, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларга трансфертлар  вилоят халқ депутатлар Кенгашлари томонидан, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджети харажатлари эса шаҳар ва туманлар Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш тартиби жорий этилмоқда.

2020 йилдан бошлаб ҳокимликлар маҳаллий бюджетлар харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантирадилар.

Маҳаллий хокимликлар ўзларига бириктирилган солиқлардан тушумларни кўпроқ туширсалар, бемалол шунга мос равишда харажатларини ҳам ошириш имкониятига эга бўладилар.

Бироқ, бу ерда бир нарсани унутмаслик лозимки, агарда маҳаллий солиқлар бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаса, ҳокимликлар шунга мос равишда ўз харажатларини ҳам қисқартиришлари керак бўлади.

Маҳаллий бюджетлар харажатлари худудий бошқармалар ва бюджет олувчилар кесимида маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланади ва бунинг учун қонунда худудий бюджет тақсимловчилар тушунчаси киритилди.

(Мисол учун вилоят бюджетида Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш бошқармалари худудий бюджет тақсимловчилари бўлади, шаҳар ва туманлар бюджетларида халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари худудий бюджет тақсимловчилари ҳисобланадилар.)

Қонунда айрим солиқ ва йиғимлар ставкалари тасдиқланди. Хабарингиз бор, хозирда Солиқ кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис томонидан мақулланиб Сенат томонидан тасдиқланди. Унда аксарият солиқ ставкалари миқдорлари белгиланди.

Бу нимани билдиради, бу Ўзбекистонда солиқ сиёсати ўз жойига тушаётганлигини, солиқ ставкалари аввалгига ўхшаб ҳар йили эмас, балки узоқ муддатга мўлжаллаб ўрнатилаётганлигидан далолат беради.

Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигининг ошишишга ҳамда тадбиркорларда узоқ муддатли режаларини тузишда ишончини оширади.

Шу ўринда келгуси йил учун солиқ ставкалари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу борада солиқ ислоҳотларининг иккинчи босқичи доирасида белгиланган йўналишларга амал қилинади, яъни,

2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасининг
20 фоиздан 15 фоизгача камайтирилиши келгуси йилда бизнесга солиқ юкини пасайишига асос бўлади.

Бу эса ўз навбатида, бир томондан айланма маблағларга эҳтиёжни камайтирса, иккинчи томондан фойдани оширади.

Шу билан бирга, давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – тенг рақобат муҳитини яратишдир.

2020 йилдан бошлаб фойда солиғи ставкаси 12 фоиздан 15 фоизгача оширилади. Бунинг сабаби, бир томондан давлат бюджети йўқотишларини қисман қоплаш бўлса, иккинчи томондан  ишловчиларга иш ҳақини фойда орқали берилишини олдини олишдир.

2020 йилда юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ 2 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, кичик корхоналар товар айланмасидан ундириладиган солиқ эса 4 фоиз миқдорида сақланиб қолинади.

Ставкалари абсолют миқдорларда белгиланган солиқлар эса тегишли равишда (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари икки босқичда 8% ва 7%, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ эса – 15%) индексация қилинади.

Бюджетлараро муносабатлар ҳақида гапирганимизда, юқорида айтганимдек, кейинги йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг мустақиллиги янада оширилмоқда.

Келгуси йилда йирик солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ҳамда барча солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетига ўтказилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, ушбу солиқлар бўйича прогноз параметрларининг ортиқча бажарилиши йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция рўйҳатида турувчи йирик солиқ тўловчиларни ҳисобга олмаган ҳолда маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилади.

Ҳурматли депутатлар!

Маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш муносабати билан биринчи даражали харажатларни кафолатли тўланишини таъминлаш мақсадида келгуси йилдан умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатларини молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилади.

Бунинг натижасида:

биринчидан, ишчилар сони жиҳатдан энг йирик соҳаларда ишловчи ходимларга иш ҳақлари ўз вақтида етиб боради;

иккинчидан, автоматлаштирилган ягона тизими яратилиб, таълим муассасалари раҳбарларининг таълимдан ташқари ҳисоб-китоб ишлари қисқариб, ноқонуний тўловлар сони кескин қисқаради.

Шу билан бирга қуйидаги харажатлар вилоят бюджетидан туман бюджетига ўтказилди:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;
  • давлат санитария-эпидемиология назорати шаҳар ва туманлар марказларини сақлаш харажатлари.

Бундан ташқари Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишлилиги бўйича вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларига киритиб борилиши кўрсатиб ўтилган.

Ҳурматли депутатлар,

Қарор лойиҳасининг алоҳида моддалари  бюджет жараёнини шаффофлигини оширишга йўналтирилган.

Қарор лойиҳасида бюджет жараёнининг барча иштирокчиларига бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофликни ва очиқликни  таъминлаш талаби қўйилмоқда.

Молия вазирлиги томонидан бу борада “Очиқ бюджет” портали юритилмоқда, “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри чоп этилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарларнинг даромадларнинг прогноздан ортган қисмининг 10 фоизи аҳоли томонидан овоз бериш орқали ишлатилмоқда.

Ҳурматли депутатлар !

Бюджет-солиқ сиёсати бўйича таклиф этилаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда 2020 йил учун туман  бюджети даромадлари 73 млрд. 317 млн. сўмга прогноз қилинмоқда. Жумладан, солиқ ва тушумлар кесимида:

- Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи - 3 200,0 млн.сўм;

- Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи - 14 212,4 млн.сўм;

- Якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи – 15 064,0 млн.сўм;

- Юридик шахсларнинг мол-мулки солиғи – 707,0 млн.сўм;

- Юридик шахслар ер солиғи – 8 346,0 млн.сўм;

- Йиғимлар – 803,0 млн.сўмга прогноз қилинмоқда.

2020 йил учун туман бюджетнинг жами харажатлари
97 899,6 млн. сўм
миқдорида прогноз қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, туман бюджети харажатларининг 47,6 фоизини ёки 46 млрд. 560 млн. сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ташкил этади

Туман бюджети харажатларини соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий соҳа харажатлари 77 млрд. 859,3 млн. сўмни ташкил этмоқда.

-Келгуси йилда мактабгача таълим соҳасига 8 млрд. 724,7 млн. сўм маблағ кўзда тутилмоқда.

-умумий ўрта таълим харажатларига 8 млрд. 203.6 млн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

-2020 йил туман бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳасига 39 млрд. 673,0 млн. сўм маблағ кўзда тутилмоқда.

2020 йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларини харид қилишга ажратиладиган маблағларни ошириш сиёсати давом эттирилади. Шу билан дори-дармон ва боғлов воситалари учун харажатлар 2 млрд. 22,8 млн. сўмни  ташкил қилади.(2019 йилда 1 млрд. 517,7 млн. сўм ёки 133 фоизга ошмоқда)

-2020 йилги туман бюджети лойиҳасида маданият соҳаси харажатлари 1 389,7 млнсўмни, Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун 1 122,6 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

-2020 йилда иқтисодиёт харажатларига туман бюджетидан
9055,6 млн.сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

-2020 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ирригация бўлимини сақлаш учун 811,5 млн. сўм,

-Бошқарув органларини сақлаш харажатларига 4 734,9 млн.сўм маблағ кўзда тутилган.

2020 йилда солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича маърузамда келтириб ўтилган янгиликлар ва туман бюджети лойиҳаси Сиз томонингиздан маъқулланган тақдирда, “2020 йил учун Булунғур тумани маҳаллий бюджети тўғрисида”ги қарор лойиҳасида туман бюджети  даромадлари 73 млрд. 317,0 млн.сўм, харажатлари 97 млрд. 899,6 млн.сўм прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, вилоят бюджетидан туман маҳаллий бюджетига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 24 млрд. 582,6 млн.сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Ҳурматли депутатлар,

Сўзимнинг оҳирида, авваламбор, қарор лойиҳаси муҳокамасида ўз фикр мулоҳазалари ва таклифлари билан фаол иштирок этаётган депутатларимизга миннатдорчилигимни билдираман.

Олдимизда катта сиёсий воқеа, яъни Олий Мажлис қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайловлар турибди. Фурсатдан фойдаланиб барча сиёсий партияларга ушбу сайловда муваффақият тилайман.

 

Эътиборингиз учун рахмат!

 

Туман молия бўлими мудири Ж.Нарзиев

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM