Овқатдан оммавий захарланиш?! Бунга нима сабаб бўлди?

Яқинда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида овқатдан оммавий захарланиш бўйича хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси дарҳол расмий маълумот берди.

Хабарда айтилишича, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жорий йилнинг 16 сентябр куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар турли хонадонларда яшовчи 7 нафар фуқаролар бир хил клиник белгилар (кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана хароратини юқорилиги, ҳолсизлик) билан мурожаат қилишган.

Захарланиш сабабларини ўрганиш борасида ўтказилган дастлабки эпидемиологик суруштурувларда  барча беморлар Самарқанд шаҳар, Регистон кўчасида жойлашган “Мўжиза” ресторанида 14 сентябр куни  кечки вақтда ўтказилган тўйда сўнг ортиб қолган гўшт ва ассорти маҳсулотларини уйларига олиб келишган ва бу таомларни жорий йилнинг 15 сентябр куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилинган.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аҳоли ўртасида санитария, гигиена талабларига риоя этиш бўйича тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш (аҳоли гавжум жойлар, таълим муассасалари ва ҳ.к.), бу борада тегишли давлат ташкилотлари (тиббиёт, маҳалла, таълим муассасалари, санитария эпидемиалогия назорати бўлими ва ҳ.к.) ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкам йўлга қўйиш борасидаги ишларни бир зум сусайтирмаслик керак. Инсон саломатлиги билан боғлиқ ушбу масала айнан қайсидир ташкилотга тегишли эмас, унга комплекс ёндашув зарурлигини унутмаслик лозим.

Азиз юртдошлар, юқоридаги ҳолатдан ўринли хулоса чиқарган ҳолда, ўзингизнинг ва ўзгаларнинг саломатлигига эътиборли бўлишингизни сўраймиз.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM