Тадбиркор доим эътиборда ёҳуд Булунғур туман Бош вазир қабулхонаси ҳақида.

Тадбиркорлар, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ҳамда муаммоли масалаларини ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  ПФ-5718 сонли Фармони (http://www.lex.uz/docs/4335622) эълон қилинди.

Мазкур фармонга асосан барча туман (шаҳар)ларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Шу муносабат билан бугун Булунғур туманида ҳам ана шундай қабулхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунга қадар бир қанча салмоқли ва самарали ишларни амалга оширишга улгурди. Жумладан, Булунғур шаҳри, Фозил Йўлдош кўчаси, 36-уйда фаолият юритаётган туман Бош вазир қабулхонасига шу кунга қадар табиркорлар ва юридик шахслар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган фуқаролар ҳамда ёшлар томонидан 28 та турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 25 таси ижобий ҳал этилган,  3 таси юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берилган бўлса, 3 та мурожаат ҳали иш жараёнида.

Қабулхона мудири Фурқат Пиримқуловнинг таъкидлашича, иш вақти душанбадан жума кунига қадар бўлиб, ушбу кунлари туманда фаолият юритувчи тижорат банклари, адлия бўлими, архитектура ва қурилиш, кадастр, савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ идоралари ва туман ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими масъул ходимларидан бир нафардан мутахассис олдиндан белгиланган режа графикка асосан қабулхонада бўлади. Бу эса ўз навбатида мурожаатларнинг қисқа муддатда ва самарали ечим топишини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбиркорлик фаолиятини тобора кенгайтириш, улардаги муаммолар ечими билан тизимли ишларни ташкил этиш, энг асосийси, уларни доимий қабул қилган ҳолда мурожаатларини кўриб чиқиш ташкилотнинг устувор вазифаларидан бўлиб, шунингдек, ушбу мақсад йўлида "business.gov.uz" ягона интерактив портали фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Ўз мурожаатларингиз билан юқорида келтирилган манзилга ёки 442-28-22 рақамига иш кунларида, 90-281-20-20 рақамига эса истқалган вақтда мурожаат қилишингиз мумкин.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM