Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Булунғур туман Кенгаши раиси Алижон Шокиров билан суҳбат

- Ассалому алейкум Алижон ака.

- Ассалому алейкум.

- Алижон ака, биз сизни нафақат партия раиси, шунингдек, депутат сифатида ҳам туманимиздаги ташаббускор, эл-юрти равнақига бефарқ бўлмаган инсонлардан бири сифатида яхши биламиз. Шу ўринда айтиш мумкинки, бугун чинакамига изланиб, янгиликларни фаолиятига жорий этиб борган сиёсий кучгина эл назаридан қолмайди, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кун сайин ортиб бораверади. Сиз раҳбарлик қилаётган партияда бу борада аҳвол кандай?

- Маълумки, Сиёсий партия бу - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмадир. Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятимизда соғлом рақобатни вужудга келтириб, уларни чинакамига курашга чорламоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб эл назарида бўлишга, чин маънода халқ партиясига айланишга астойдил харакат қилмоқда. Бунинг учун партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, партиямиз Марказий Кенгаши ташаббуси билан бебаҳо бойлигимиз бўлган маданий мерос объектларини сақлаш, уларни келажак авлодга ҳам асл ҳолича етказиш мақсадида Республикамиздаги мавжуд барча маданий мерос объектлари партиямиз фаоллари, депутатлари ёрдамида тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб уларнинг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, муҳофаза белгилари ўрнатилмаган, реконструкция ёки консервация ишлари олиб борилиши лозим бўлган объектлар тўлиқ аниқлаштирилди. Улар партиямиз депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

- Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган бугунги сиёсатда халқ билан яқин мулоқотда бўлиш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, муаммоларига ечим излаш устувор аҳамият касб этяпти. Ўз-ўзидан аёнки, айниқса, сиёсий партиялар мазкур масалага жуда катта эътибор қаратиши лозим. Одамлар билан ишлаш механизмини самарали йўлга қўя олган партиягина жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, таъсир кучи ошади. Шундай эмасми?

- Бугун сиёсий партиялар ҳам барча давлат ва нодавлат ташкилотлари қатори Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган тамойил асосида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, бизнинг партиямиз ҳам халққа янада яқин бўлиш, уларнинг дарду-ташвишларини ўрганиш, муаммоларга ечим топиш борасида бир қатор лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиб келаяпти. Булар “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй”, “Хизмат-беминнат” лойиҳалари бўлиб,  улар орқали партиямиз депутатлари, фаоллари ўз сайловчилари, оддий фуқаролар билан учрашиб улар билан яқиндан мулоқотга киришаяпти, муаммоларини ўрганмоқда. Ўрганилган масалалар ечими бўйича маҳаллий хокимликга, тегишлилиги бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари юборилиб, муаммолар ижобий ҳал этилмоқда, камчиликлар бартараф этиляпти. Бу эса партиянинг жамиятда ўз ўрнини топиб, таъсир кучи ошишига хизмат қилаяпти.

 

- Мана сайлов кампанияси бошланишига ҳали бироз вақт бор. Аммо партиялар уни анча аввал бошлаб юборишгани аниқ. Шу ҳақидаги қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

- Албатта ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятдаги мавқеини, нуфузини сайлов жараёни белгилаб беради. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ғалаба қозониш учун астойдил интилмоқда. Бунинг учун партиямиз ўтган 5 йил мобайнида халқимизга янада яқин бўлишга, депутатларимиз сайловчилар ишончини қозонишга харакат қилди. Бунинг учун туман Кенгаши депутатлари аҳоли билан кўпроқ сайёр қабуллар ўтказиб, уларнинг дардини тинглади, имкон қадар муаммоларини ечишга харакат қилдилар. Бу эса аҳолининг партияга, депутатларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.        

- Аксарият ҳолларда сайловдан сўнг партия ва депутат ўртасидаги алоқа узил-кесил узилади. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

- Умуман олганда бундай ҳолат бизнинг партиямиздан сайланган депутатлар орасида ҳам учраб туради. Айрим депутатларимиз сайлов ўтгандан сўнг партия билан алоқани узиб қўйишади. Бундай ҳолатни депутатнинг масъулиятсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Чунки ҳар бир депутат ўзи сайланган партия олдида ҳисобдор эканлигини унитмаслиги керак. Эртага депутатнинг ишига қараб нафақат унга балки унинг номзодини илгари сурган партияга ҳам баҳо берилади! Биласизми, депутатларимиз фаол, ўз касби нуқтаи назаридан хар бири ўзинг обрў-эътиборига эга. Лекин айрим холларда шу нарса кузатилиб коляптики туман кенгаши депутатлари ўзининг асосий фаолиятидан ортиб ўз депутатлик вазифасини бажаришда айрим сусткашликларга йўл қўйишмоқда. Биз кейинги сайловларда номзод кўрсатишда албатта ўша округдан сайланиш даражаси билан бирга кейинги беш йилда ўша инсон қай даражада депутатлик фаолиятни юрита олиши қобилиятига, унинг ўз ишига қанчалик масъулият билан ёндашишига ҳам алоҳида эътибор берамиз.

- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши  бу йилги сайловларда сайловчиларга қандай вадалар беради? Ваъдалар ижроси таъминланишига қанчалик ишонсак бўлади?

- Биласизми, партимиз аввало ўзинг сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни бажаришни ўзинг асосий мақсади деб билади. Ҳозирда партиямизнинг янги сайловолди платформасини яратиш ишлари кетмоқда. Албатта халқимизга маъқул келадиган, хар бир ҳудудда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ ва бажариш мумкин бўлган муаммоларни ечиш бўйича ваъда берамиз ва албатта бу ваъдаларимизни бажарамиз. Бир масалани алоҳида қайд этиш лозим: бизнинг партия бу зиёлилар партияси бўлиб, сайловолди дастуримизда албатта маънавият ва маърифат масаласи устувор аҳамият касб этади.

- Алижон ака, самимий суҳбат учун сизга катта раҳмат. Сизга келгуси сайловаларда омад тилаймиз.

 

Суҳбатни Булунғур тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари А.Жаббаров олиб борди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM