Халқ қабулхонасида фуқаролар мурожаатлари тингланди

Жорий йил 27 апрел куни Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахромовнинг навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Одатга кўра туман халқ қабулхонасида ўтказилган қабулда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди.

 

Қабул давомида тумандаги ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишиб, ҳар бир мурожаат шу ернинг ўзида, мурожаатчи фуқаро ҳамда соҳага масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Ҳуқуқий жиҳатдан имкони йўқ ёки ҳокимлик ваколатига кирмайдиган мурожаатлар ечими юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди.

 

Шу ўринда мурожаатлар мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, моддий ёрдам, ер, уй-жой кадастри билан боғлиқ мурожаатлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ўтказилаётган бу каби қабуллар давомида мурожаат қилган ҳақиқий муҳтож фуқароларга имкон қадар ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади, бироқ, тўрт мучаси соғлом эркак кишиларнинг ҳам ҳоким қабулига такрор-такрор моддий ёрдам сўраб келиши кишини ўйга толдирмай қўймайди.

Қабул якунига кўра, ҳар бир мурожаат ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида туман ҳокимлигига ҳафта якунига қадар маълумот киритиш вазифаси белгиланди.
 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM