Жойларда аҳоли сергакликка чақирилмоқда

Дунё бўйлаб кўплаб инсонлар қурбон бўлишига сабабчи бўлган Covid-19 инфекциясининг юртимизга кириб келганига ҳам роса бир йил бўлди. Сўннги маълумотларга кўра Ўзбекистонда 80 743 та ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилган ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда. Аммо, барчамиз ҳам ушбу натижаларга осонликча эришлмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Юртдошларимиздан сабр-тоқат, соҳа ходимларидан метин ирода талаб этилди. Меҳнат жамоалари ва жамоат жойларида қатъий карантин талаблари жорий қилинди.

Бироқ, вирус билан боғлиқ вазиятнинг бироз барқарорлашганлиги муносабати билан карантин тартиблари бироз юмшатилганлиги кўпчилик томонидан нотўғри талқин қилинмоқда ва аксарият аҳолининг карантин талабларига риоя этмаётганликларининг гувоҳи бўляпмиз.

Бу борада жойларда йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Коронавирусга қарши курашиш бўйича комиссия раиси, туман ҳокими Баходир Бахромов томонидан тумандаги маҳаллалар, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Хусусан, туман Ички ишлар бўлими ҳамда туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази ходимлари томонидан тумандаги аҳолига хизмат кўрсатувчи жамоат транспорт воситалари ҳайдовчилари ва уюшма эгалари карантин талабларига риоя этилиши бўйича огоҳлантирилди. Транспорт воситалари шу жойнинг ўзида дезинфекция қилиниб, мазкур тартибга доимий амал қилиниши лозимлиги тушунтирилди.

Шунингдек, “Булунғур деҳқон бозори” маъсулияти чекланган жамияти ҳудуди тўлиқ дезинфекция қилиниб, жамоат жойларида ниқобсиз юрган фуқароларга тиббий ниқоблар тарқатилди. Фуқароларга карантин чекловлари бекор бўлмаганлиги тушунтирилиб, бу борада қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилди.
  
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, “Маъмурий жавобгарик тўғрисида”ги кодекснинг 54-моддасида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган. Хусусан, ушбу моддага кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳурматли фуқаролар, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини хавф остида қолдирманг! Таваккал қилманг, карантин қоидаларига қатъий амал қилинг!

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM