Булунғурлик хотин-қизлар саёҳатга бориб келди

Аёллар ҳақида гапирганда, бир  ҳақиқатни эслаб ўтиш жоиз. Ҳар қандай Инсон – Онанинг фарзанди. Ҳаётга даҳо фарзанд етказиб берган онани қаҳрамон, буюк демай бўладими? Аёл оиланинггина эмас, жамиятнинг ҳам гултожи. Қайси соҳа ёки қайси жабҳада бўлмасин, аёл бор бўлса, албатта у ердан меҳрнинг тафти, нафосатнинг ифори келади.

Яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан булунғурлик 100 нафар хотин-қизларнинг кўҳна ва қадимиз Самарқанд шахрига саёҳати ташкил этилди.

Тумандаги ҳар бир сектор ҳудудидан 25 нафардан, жами 100 нафар якка-ёлғиз яшовчи, эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка, эътиборга муҳтож хотин-қизлар эрта тонгдан туман ҳокимлиги биноси ёнидан йўлга чиқишди.

Саёҳат иштирокчилари дастлаб, Шоҳизинда мажмуасини зиёрат қилдилар.

Тарихдан маълумки, Шоҳи Зинда номи Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Мажмуада биноларнинг аксарияти подшоҳлар хонадонига мансуб шахсларнинг қабри устига қурилган мақбаралардир. Шоҳи Зинда, яъни «Тирик шоҳ» мақбаралар мажмуаси ўтмиш аждодларимиз тарихи ва тақдирида алоҳида ўрин тутади. У кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, муқаддас зиёратгоҳларидан саналади.

Хотин-қизлар мажмуада зиёрат асносида унинг тарихи билан танишдилар, шарқ миллий ҳунармандчилик безакларини кўздан кечиришди.

Шундан сўнг, саёҳатчилар гуруҳи Ўзбекистон рсепубликасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов қабрини зиёрат қилиб, у кишининг ҳаққига дуо қилдилар.

Зиёратдан сўнг, хотин-қизлар учун Самарқанд шахридаги “Шарқ” ресторанида тушлик ташкил этилди. Улар бу ерда тансиқ таомлар тановул қилишиб, куй ва қўшиқларга мириқиб расга тушишди.

Тушликдан сўнг, автобуслар 1424-1428 йиллар мобайнида Самарқанднинг шимолида Обираҳмат ариғи бўйидаги Кўҳак тепалиги бағрида бунёд этилган жаҳонга машҳур Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи томон йўл олишди. Ташрифчилар бу ерда Улуғбек Квадрантининг ер остида жойлашган ва ҳозирга қадар бир қисми сақланиб қолган жанубий қисмини кўздан кечиришиб, расадхона тарихи билан танишдилар.

Таъкидлаш керакки, айни байрам кунлари ташкил этилган мазкур саёҳат хотин-қизларда эсда қоларли таассуротларга бой бўлди. Бу каби лойиҳалар келгусида ҳам манзилли равишда ташкил этилиб борилади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM