Мингчинор ва Гулзор маҳалласи ёшларидан 38 та мурожаат қабул қилинди

Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахромовнинг ёшлар билан навбатдаги учрашуви тумандаги 36 мактабда ўтказилди. Учрашувга Мингчинор ва Гулзор маҳалласи ёшлари таклиф этилди.

Учрашув аввалида сўзга чиққан туман ҳокими ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг, учрашувга келган туман ташкилотлари ёшларга ўз таклифларини билдиришди.

Жумладан, “Агробанк” Булунғур филиали маҳалла ёшлари учун имтиёзли кредит таклифлари билан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши мотокултиватор олиш учун имтиёзли кредит таклифлари билан иштирок этган бўлса, туман бандликка кўмаклашиш маркази мавжуд бўш иш ўринлари ва туманда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш курслари, шунингдек, субцидия асосида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалари тўғрисида ёшларга батафсил маълумот беришди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган 38 та мурожаат рўйхатга олинди. Жумладан, 30 нафар ёш деҳқончилик учун ер олиш, 7 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида кредит олиш, 1 нафари эса туманда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида ўқиш истагини билдирди.

 

Бундан ташқари учрашув давомида маҳалла аҳлининг ҳам мурожаатлари тингланиб, 13 та мурожаат рўйхатга олинди. Улардан 8 таси ер олиш, 2 таси моддий ёрдам ва 3 таси турли масалалардаги мурожаатлар бўлиб, мазкур мурожаатлар ижроси юзасидан чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Жойларда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби учрашувлар давом этмоқда.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM