Булунғур туман “Тоза ҳудуд” ДУК янги бинода иш бошлади

Жорий йил 20 январ куни Булунғур туманида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими Б.Бахромов хамда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Д.Ачилов, вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбари З.Юсуповлар иштирок этишди.

 

1 млрд. 360 млн. сўм маблағ эвазига қурилиб, фойдаланишга топширилган мазкур бинода замонавий автотураргоҳ, ходимлар учун тиббий хизмат кўрсатиш, дам олиш, ювиниш, назорат хизмат кўрсатиш хоналари, шунингдек, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш хоналари ташкил этилган. Янги бино сўнгги русумдаги техник жиҳозлар ва интернет билан таъминланган.

 

Таъкидлаш керакки, 2020 йилда корхона 6 та хизмат машинасидан фойдалаган бўлса, жорий йилдан бошлаб 52 та маҳаллага 18 та автомобилларда хизмат кўрсатилади. Айни вақтда 60 нафар ходим мехнат қилаётган корхонада иш икки смена: кундузги ва кечки сменада ташкил этилган бўлиб, туман марказидан олисдаги маҳаллаларга кундузи, марказдаги маҳаллалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш субъектларга эса кечки, транспорт ҳаракати камайган вақтда хизмат кўрсатилади.

 

Ишнинг бу тартибда ташкил этилиши натижасида ҳизмат сифати ҳам ортиб, бир кунда ўртача 1.8 тоннага яқин чиқиндилар йиғиб олинмоқда. Йиғилган чиқиндилар 5 гектар майдонда ташкил этилган чиқиндихонада жамланиб, утилизация қилинади ва қайта ишлаш мумкин бўлганлари ажратиб олинади ҳамда чиқиндини қайта ишловчи корхоналарга юборилади.

 

Ишонамизки, корхона ходимлари учун яратилган қулай шароит ҳамда иш тартибининг тўғри ташкил этилиши туманимизнинг озодалигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM