Халқ таълими соҳасида Самарқандда “Булунғур тажрибаси” йўлга қўйилади

Маълумки, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларига кўра мактаблар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилмоқда. Хусусан, Булунғур туманида 69 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларнинг атига биттаси “яшил мактаб”, 55 таси “сариқ мактаб”, 13 таси “қизил мактаб” тоифасига киради. “Қизил мактаб” тоифасидаги мактабларнинг 8 тасида икки ўқув йилида ҳам бирорта битирувчиси ОТМга ўқишга кирмаган.

 

 

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Булунғур туманидаги  худди шундай мактаблардан бири 57-умумтаълим мактабда бўлиб,  муаммонинг сабаблари билан қизиқди. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаганлиги, 6 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган мактаб директорининг масъулиятсизлиги, битирувчиларнинг билими ва қизиқиши доирасида 5 та ОТМга кириш имконияти яратилган бир пайтда бундан тўғри  фойдаланиш бўйича ўқувчиларга тегишли тавсиялар етказилмаганлиги муҳокама жараёнларида маълум бўлди, дея хабар бермоқда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

 

Шунингдек, тумандаги 51-мактабда ҳам худди шундай салбий кўрсаткичлар қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари учун, ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий таъминоти учун имкониятлар яратилган.

 

Булунғур тумани марказидан 60 километр узоқликда жойлашган 11-мактабда таълим олиш учун нафақат туман, балки вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан, ҳатто турли вилоятлардан ҳам ўқувчилар келиб ўқимоқда. Масалан, шу мактабда таълим-тарбия олаётган 858 нафар ўқувчининг 131 нафари вилоятнинг ҳар хил туманларидан, 106 нафари эса бошқа вилоятлардан келиб ўқимоқда. Бу мактабда таълим сифати, раҳбарнинг талабчанлиги ва ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашиб келаётганлиги натижасидир.

 

Ўтган ўқув йилида мактабни 86 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 29 нафари, яъни 33,7 фоизи ОТМга ўқишга кирган. Ундан олдинги йилги натижадан 6-7 фоизга ортган. Мактаб жамоаси ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланган бўлиб, доимий равишда малака ва тажрибасини ошириш, ўқувчилар учун дарсдан ташқари қўшимча фан тўгараклари самарали йўлга қўйилган. Бу, албатта, муассасада эришилаётган ютуқлар сафини кенгайтирмоқда.

 

Халқ таълими вазири Ш.Шерматов мактабнинг ушбу ютуқларини эътироф этиб, ўз тавсияларини билдирди. Жумладан, бундан буён, “қизил мактаб” тоифасидаги мактабларнинг директори лавозимига “яшил”, яъни таълим сифати кўрсаткичлари юқори бўлган мактабларнинг амалда ишлаб турган ўринбосарлари, ёш, ташаббускор, билимли, раҳбарлик қобилиятига эга бўлган фан ўқитувчилари номзодини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида уч йиллик ривожлантириш дастурларини ҳимоя қилган ҳолда лавозимга тайинлаш амалиёти йўлга қўйилишини таъкидлади.

 

Бу борада Самарқандда даставвал “Булунғур тажрибаси” йўлга қўйилиб, 11-умумтаълим мактаби директори ўринбосарлари ва илғор тажрибага эга, билимли ва юқори касбий маҳоратли, ёш ўқитувчиларининг номзоди “қизил мактаб” тоифасидаги муассасалар директори лавозимига тавсия этиладиган бўлди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM