Булунғур тумани халқ таълими бўлими мудирининг сайёр қабули ўтказилди

Халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга жойлардаги кенг жамоатчиликнинг муносабатини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини жойида ҳал қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10 декабридан 2021 йилнинг 10 январига қадар «Сайёр қабул ойлиги» эълон қилинди.

 

Унга кўра ушбу саналарда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги барча туман (шаҳар) халқ таълими бўлими раҳбарларининг сайёр қабуллари ташкил этилмоқда.

 

Жумладан, бугун, 14 декабрь куни Булунғур тумани халқ таълими бўлими мудири Замира Алиқулова томонидан сайёр қабул ўтказилди. Қабулда вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Абдураҳмон Болиев, бўлим масъул ходимлари, тумандаги халқ таълими бўлими рахбарлари, ҳудуд депутати иштирок этди.

Тумандаги 12-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқароларнинг умумтаълим муассасаларига ишга жойлашиш, фарзандларини мактабдан мактабга кўчириш, педагогларнинг иш жойини ўзгартириш ва бошқа йўналишлардаги йигирмага яқин мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, халқ таълими бўлими масъул мутахассислари, ҳудуддаги умумтаълим мактаблари директорлари билан биргаликда қисқа фурсатларда ижобий ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.  Шунингдек, қисқа муддатда ижобий кўриб чиқиш имкони бўлмаган ёки дастур асосида қилинадиган ишлар тўғрисида фуқароларга тушунчалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби сайёр қабуллар жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ваклолат доирасида ҳал этиш, зарур ҳолларда масала юзасидан юқори ташкилотларга чиқиб, вазиятдан хабардор қилиш имконини беради.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM