Ҳар биримиз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни билишимиз керак (Ёҳуд Килдон маҳалласидаги йиғди-йиғдилар ҳақида)

Сўннги кунларда ижтимоий тармоқларда “Дезинфекция, ҳисоблагич текшируви… турли баҳоналар билан пул йиғишга келадиганлар кўпайиб қолди” сарлавҳали хабар тарқалди. Хабарда Булунғур тумани Килдон маҳалласи тўғрисида сўз юритилган.

 

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Килдон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Мирзақулов билан боғланганмизда маҳаллада сўнгги бор июн ойида кўнгилли ёшлар томонидан профилактика мақсадида дезинфекциялаш ишлари олиб борилганлигини, бу жараёнда туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази дез воситаларидан фойдаланилганлиги ва ҳеч қандай йиғимлар амалга оширилмаганлигини маълум қилди.

 

Шунингдек, жорий йил 24 ноябр куни “Самарқанд электр монтаж техник кўриг” МЧЖ ходимлари электр энергияси ҳисоблагичлари, электр энергияси монтаж ҳолатларини техник кўрикдан ўтказиш ва аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида маҳаллада бўлганлиги маълум бўлди. Бироқ, таъкидлаш лозимки, ушбу МЧЖ ўз пуллик хизматларини таклиф қилувчи, ким шартнома имзоласа тўлов эвазига хизмат кўрсатувчи хусусий фирма холос. Бу каби МЧЖлар билан шартнома тузишга ҳеч бир фуқаро мажбур эмас. Шундай экан, маҳалладаги ҳеч бир хонадон шартнома тузишга мажбур қилинмаган. Шартнома эвазига хизмат кўрсатилган хонадонларга эса МЧЖ томонидан тўлов амалга оширилганлигни тўғрисида квитанция берилган.

 

Тарқалган хабарда чиқинди масаласида ҳам сўз юритилган бўлиб, 15 минг сўмдан тўлов қилиниши, бироқ, қишлоқ шароитида чиқинди кам чиқиши таъкидланган. Ушбу масала юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, 2020 йил ҳолатига кўра, туманда 2 та кичик чиқинди йиғиш майдончалари ва 1 та асосий катта чиқинди йиғиш майдончаси, шунингдек, турли ташкилот ва махалларда 26 та контейнерлар мавжуд. Бугунги кунда туманинг Мингчинор махалласида чиқинди учун 1 та полигон ва “Тоза худуд” ДУК биноси қурилиш ишлари олиб борилмоқда, полигонига чиқиндиларни саралаш учун электромеханик ускуна харид қилиш режалаштирилган.  “Тоза ҳудуд” ДУК туман филиали ҳам аҳолига шартнома асосида хизмат кзрсатади. Хизмат ҳаққи эса, бир киши учун 2,500 сўм этиб белгиланган. Юқорида тарқалган хабарда 15 минг сўм тўланаётганлигидан билиш мумкинки, мазкур оилада 6 киши истиқомат қилади ёки доимий рўйхатда туради. Килдон маҳалласида чиқинди ташлаш учун махсус жой ёки контейнер мавжуд эмас. “Тоза ҳудуд” ДУК туман филиали қайси оиладан қанча миқдорда чиқинди чиқишидан қатъий назар, ўша маҳаллалага белгиланган график асосида мунтазам бориб, чиқиндиларни йиғиб кетади. Қолаверса, чиқинди кам чиққан ҳолатда ҳам, узоқ сақлаш мумкин бўлмаган, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарар етказиши эҳтимоли бўлган кимёвий моддалар бугун кундалик ҳаётимизда тобора кўпайиб бораётганлигини унутмаслигимиз зарур. Бу каби зарарли чиқиндиларни эса, кўпайишини кутиб, узоқ вақт сақлаш мумкин эмас. Юқоридагиларнинг барчасига қарамай, ҳеч бир фуқаро “Тоза ҳудуд” ДУК туман филиали билан шартнома тузишга мажбур эмас. Бироқ, чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаб, атроф-муҳитни ифлослантирмаслиги зарур.

 

Шунингдек, хабар давомида суюлтирилган маиший газ баллони ҳам сотиб олингани ва уни ҳам пул эвазига тўлдириб беришгани таъкидланган. Бугунги кунда туманда 25 210 та суюлтирилган газ истеъмолчилари рўйхатга олинган булиб, амалда 28 498 та маиший газ баллон ахолига ижарага берилган. Хусусан, жорий йилда аҳоли учун 400 та янги маиший газ баллонлари тарқатилди. Ушбу маиший газ баллонлари белгиланган график асосида уйма-уй етказиб берилмоқда. Битта баллон оғирлиги 20 кг бўлиб, 22 400 сум эвазига тўлдириб берилади. Аҳоли орасида турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ушбу нархлар ҳар бир автомашинага кўринарли қилиб ёзилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бугун ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини яхши билиши лозим. Шунда кимга, нима учун пул тўлаётганлигини яхши англайди ва юқоридаги каби тушунмовчиликлар келиб чиқмайди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM