Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамовнинг 1 октябр – "Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳа ходимларига байрам табриги

Азиз устозлар! Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

Ҳар йили ушбу байрам яқинлашар экан брчамизнинг ҳам кўз ўнгимизда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатиб, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз намоён бўлади. Барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, Сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

 

Ҳурматли устозлар!

Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган улуғ номни шарафлаб келаётган ўз касбининг фидоийларини умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Таълим-тарбия узоқ вақт, муттасил давом этадиган бир жараёнки, ҳатто пандемия даврида ҳам бу жараённи бир зум тўхтатиш мумкин эмаслигининг гувоҳи бўлдик. Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямаслигингизга ишонамиз.

 

Қадрли мураббийлар!

Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”.

Барчангизни бугунги умумхалқ байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Олийжаноб ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ютуқ ва муваффақиятлар, хонадонларингизга бахту-саодат, файзу-барака тилайман. Ҳамиша шогирдларингиз ардоғида юринг!

 

Ҳурмат билан, Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамов

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM