Синовли кунларда халқ билан ёнма-ён турганлар меҳнати муносиб тақдирланди

Юртимизда коронавирус пандемияси бошлангач кўплаб юртдошларимиз доимий ёки вақтинчалик даромад манбайидан айрилди. Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган мана шундай синовли дамларда юртбошимиз ташаббуси билан “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати илгари сурилди. Ташаббус тадбиркорлар, саҳоватпеша инсонлар томонидан илиқ кутиб олинди ва қўллаб-қувватланди.

Ушбу саҳоватпеша инсонларнинг, қолаверса бу кўринмас ёв билан жангда фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ фаолларнинг халқ олдидаги хизматларини муносиб тақдирлаш мақсадида 2020 йил 26 апрел куни Президент фармони билан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ Булунғур туманидан ҳам 17 нафар юртдошларимиз “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тантанали тақдирлаш маросимида  туман ҳокимлиги ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги масъул ходими Дилшод Маматқулов, туман кенгаши депутатлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбир аввалида туман ҳокимининг 1-ўринбосари Дилшод Шакарбоев сўзга чиқиб, пандемия давомида тадбиркорлар томонидан кўрсатилган ёрдамларнинг кўлами тўғрисида йиғилганларга маълумот бериб ўтди. Шунингдек, тадбир давомида илоят ҳокимлиги масъул ходими Дилшод Маматқулов сўзга чиқиб, бугунги мураккаб бир даврда тадбиркорлар чин маънода юртга мададкор эканликларини яна бир намоён этганлигини таъкидлаб ўтди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг туман кенгаши депутатлари, тақдирланган маҳаллий тадбиркорлар сўзга чиқишиб, саҳоватпеша инсонлар ёрдами, соҳа ходимлари хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланаётганлигини, пандемия халқимиз бирдамлигини яна бир исботлаганлигини билдиришди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги мураккаб синовлар ва уни енгиб ўтишдаги халқимизнинг бирдамлиги тарих зарварақларида бир умрга қолади.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM