«Ташкилотлар ишлаяпти, лекин уларнинг иши кўринмаяпти» – Комил Алламжонов матбуот хизматлари фаолиятини танқид қилди.

ОАВ

Жорий йилнинг 4 октябрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат ташкилотлари матбуот хизматлари фаолиятига бағишланган мажлис ўтказилди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов, раҳбар ўринбосари Саида Мирзиёева ва ахборот хизматлари раҳбарлари қатнашдилар, деб хабар берди Кун.уз.

 

Тадбирда давлат органларининг матбуот хизматлари фаолиятига доир қатор танқидий муносабатлар билдирилди. Агентлик раҳбари бу йўналишда ахборот сиёсати тўғри ташкил қилинмаганлиги, бугунги медиа макон талабларига тезкорлик билан реакция берилмаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

“Шу кунгача 25 та ташкилотда ахборот хизматлари бўлмаган. Ахборот хизмати раҳбарлари Президент қарорида асосида ишлаши керак. Сизнинг мақомингиз раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган. Шундай экан, ташкилотингизда йўл қўйилган камчиликларни раҳбариятга айтишингиз, ҳал қилиш йўлларини биргаликда қидиришингиз зарур. Бу ерга 78 та ахборот хизматлари раҳбарлари йиғилган. Уларнинг ҳар бири кунига битта хабар берса ҳам медиа макон шунча ахборот билан тўйинади. Ахборот уруши кетаётган пайтда бу жуда муҳим ва долзарб масала.

 

Барча ташкилотларда раҳбарлар кун-у тун тинмай ишлаяпти. Лекин уларнинг иши сиз томонингиздан кўрсатиб берилмаяпти. Натижада, жамоатчиликда ҳеч қайси орган ишламаяпти экан, деган салбий фикрлар уйғоняпти. Бу вазиятга сиз ва биз айбдормиз”.

 

Алламжонов қатор вазирлик ва ташкилот ахборот хизматлари ҳар ойда тузилма фаолияти ҳақида халққа ахборот беришга хизмат қилувчи пресс-конференциялар ўтказиши, ягона медиа режа ишлаб чиқиш зарурлигини айтиб ўтди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM