Булунғурлик 148 нафар хотин-қизларга тавсияномалар берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сонли қарорига мувофиқ республика олий таълим муассасаларига умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан хотин-қизлар учун ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширган 148 нафар хотин-қизларга Булунғур туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тавсияномалар берилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу имтиёз бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича ва фақат танланган биринчи йўналишга ўқишга кириш учун амал қилади.

Қайд этиш жоизки, ишчи гуруҳ томонидан талабларга жавоб беради, деб топилган хотин-қизларга тавсияномалар бериш сони чекланмаган. Яъни барча талабларга мос келган даъвогарларнинг ҳаммасига тавсиянома берилиши мумкин. Бироқ грантлар сони чегараланган: республика бўйича жами 940 та. Самарқанд вилояти учун 104 та.

Маълумот учун, 2020 йил 20 июлгача тавсиянома берилган талабгорларнинг якуний рўйхати вазирлик томонидан Давлат тест марказига тақдим этилади.

Тавсияномага эга абитуриентларни қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига мувофиқ ҳал қилинади.

Тавсиянома эгалари тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда балл тўплаши керак. Етарли балл йиғганлар баллар кетма-кетлиги бўйича қўшимча 4 фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM