9 АПРЕЛ - СОҲИБҚИРОН ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул) 1336 йил 9 апрелда, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) — 1405 йил 18 февралда Ўтрор шаҳрида вафот этган, Самарқандда дафн этилган) — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.

Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Шу боис Амир Темурнинг отаси амир Тарағойни ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этилар ва у бундай йиғинларда муттасил қатнашар эди. Шу билан бирга у, Шарафуддин Али Яздийнинг таъкидлашига кўра, «уламо ва сулаҳо ва муттақийларға мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…». Тарағойбек пири Шамсуддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Кейинчалик шайх Кулол Амир Темурнинг ҳам пири бўлган. Тарағойбек 1360 йилда вафот этган.

Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракати 14-асрнинг 60-йиллари бошларидан бошланди.

Бу даврда Чиғатой улусининг шарқий қисми — Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қиладилар. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхожа 1360—61 ва 1365 йилларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирадилар. Мўғул хонларининг босқинчилик юришлари ва зулмига қарши халқ ҳаракати бошланади. Бироқ, Мовароуннаҳр амирлари халққа бош бўлиб, мўғул босқинчиларига қарши курашга журъат эта олмайдилар. Уларнинг бир қисми душман тарафига ўтади, иккинчи қисми эса эл-юртни тарк этиб, ўзга мамлакатлардан бошпана излайдилар. Амир Темурнинг амакиси, Кеш вилоятининг ҳукмдори амир Ҳожи барлос Хуросонга қочади. Мана шундай оғир паллада сиёсат майдонига Амир Темур киради. Мўғулларга қарши туриш учун кучлар нисбати тенг эмаслигини ҳисобга олган 24 ёшли Амир Темур 1360 йилнинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар билан келишади. Шароит тақозоси билан хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи билан ўз вилоятининг доруғаси этиб тайин қилинади. Шубҳасиз, бу ноиложлиқдан қўйилган сиёсий ҳамда стратегик қадам бўлиб, бу билан Амир Темур мўғулларнинг навбатдаги талон-тарожининг олдини олган, мамлакат ва халқни фалокатдан қутқарган эди. Бироқ, Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори этиб тайин қилинган Илёсхожа ва унинг лашкарбошиси амир Беккичик билан Амир Темурнинг муросаси келишмай қолади. Шу сабабдан 1361 йилнинг охирида у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

Хиванинг жанубида, Урганжий даштида Амир Темур Туғлуқ Темурнинг яна бир рақиби — қайноғаси амир Ҳусайн билан учрашади. Амир Темур мўғуллар билан курашиш мақсадида у билан бирлашиб, икковлон куч тўплашга киришади. Дастлаб улар Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан Амир Темурни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) билан жанг қиладилар. Сўнгра 1362 йилнинг кузида Сеистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб мекронийлар билан бўлган тўқнашувда Амир Темур ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланди.

Амир Темур ва амир Ҳусайн кейинги икки йил давомида Илёсхожа бошлиқ Жета лашкари билан бир неча марта жанг қиладилар. Ниҳоят, 1365 йил охирида улар мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўладилар.

1370 йил баҳорида Амир Темур амир Ҳусайнга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора — табл билан ялов — байроқ тортиқ қилади. Шубҳасиз бу воқеа катта сиёсий аҳамиятга эга эди. Чунки у салтанатлик рамзи эди. Амир Темур буни яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам Балхга етмасдан Ўрпуз мавзеида у амир ва нўёнлари билан кенгаш ўтказади. Кўпчиликнинг хоҳиш ва ихтиёри билан, ўша давр қонун-қоидаларига кўра, чингизийлар авлодидан бўлган Суюрғатмиш ўғлон Мовароуннаҳр подшолиги тахтига ўтқазилди. Амир Темур қўшини то Балхга етиб боргунича, унга йўл-йўлакай янги-янги кучлар келиб қўшилди. Шу аснода амир Ҳусайнни кўпчилик амирлари тарк этдилар. Жангда амир Ҳусайн қўшинлари енгилди, икки кунлик қамалдан сўнг, 1370 йилнинг 10 апрелида Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди.

Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, дастлабки вақтлардаёқ мамлакатда рўй берган оғир иқтисодий тангликни бартараф қилиш учун энг аввало солиқ тизимини тартибга солди. Давлат солиқларини йиғишда аминлар, калонтарлар ва солиқ йиғувчиларни раъиятга нисбатан инсоф ва адолатли бўлишга, қонунга хилоф иш тутмасликка чақирди, чунки салтанатнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан раъиятнинг ҳол-аҳволи, унинг давлат ва давлат бошлиғига бўлган садоқатига боғлиқ. Раъиятни ҳимоя қилиш қонун билан мустаҳкамланган, қонун барчага баробар бўлган. Амир Темур нафақат ўз халқини, балки забт этилган мамлакатларнинг аҳолисини ҳам имкони борича қонун ҳимоясига олган. Уларни асирлик ва талон-тарожлардан сақлаган.

1370 йил кузи ва 1371 йил баҳорида амир Зинда Чашмга зарба бериб, Шибирғон вилояти бўйсундирилди. Балх ва Тошкент вилоятлари ҳам Амир Темур ҳокимиятини тан олдилар. Аммо Хоразм Оқ Ўрда ҳукмдорларига суяниб, ҳануз бўйсунишдан бош тортиб келарди. Хоразмни Амир Темур Чиғатой улусининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб, уни ўз давлатига қўшиб олиш сиёсатини тутди. Аммо бу масала элчилар воситасида тинч йўл билан ҳал этилмагач, Амир Темур Хоразм ҳудудига беш маротаба юриш қилди. Биринчи юриши 1371 йил ёз (июл)ида Кот шаҳрини эгаллаш билан якунланди. Амир Темурнинг 1373 йил баҳори ва 1375 йил ёзида Хоразм томонга қилган икки юриши натижасиз тугади. Бу аснода Олтин Ўрда хони Тўхтамиш билан иттифоқ тузиб олган Хоразм ҳукмдори Юсуф сўфи, унинг ёрдамида Амир Темур давлати ҳудудларига бир неча бор юриш қилиб, Қоракўл вилояти ва Бухоро туманларини талон-тарож этди. Бундай вазият шубҳасиз, 1379 йилда Амир Темурни тўртинчи маротаба Хоразмга қўшин тортишга мажбур этди. Лекин, бу юриш ҳам аввалгилари каби сулҳ тузиш билан тугади. Бироқ шунга қарамай, Юсуф сўфи илгари Хоразмнинг Чиғатой улусига тегишли бўлган жануби-шарқий (Кот ва Хива шаҳрилари бирга) қисмини яна қайтадан босиб олди. Амир Темур давлатига нисбатан Юсуф сўфининг тутган бундай тажовузкорона сиёсати Хоразм устига Амир Темурнинг бешинчи марта юриш қилишига сабаб бўлди. 1388 йилда Хоразмнинг пойтахти вайрон этилиб, унинг ҳудудлари Амир Темур давлатига бўйсундирилди.

Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр буйи бунёдкорлик билан машғул булган. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар.

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқа хизмат қиларди.

 

Республика маънавият ва маърифат маркази

 Булунғур туман бўлими раҳбари

А.Шокиров

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM