Булунғурда агросаноат кластери ташкил этилади

Мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб этиш, хориж технологияси асосида замонавий, бугунги кун талабига жавоб бера оладиган, ички бозор учун ва экспортбоп тайёр,  сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир. Маълумки, туманимиз экин майдонлари унумдорлиги, чорвачиликни ривожлантириш ва деҳқончилик қилиш учун табиий иқлим шароити қулай бўлганлиги боис хориж инвесторларини ҳам қизиқтирмоқда. Айни вақтда одамларнинг иш билан бандлигини таъминлаш бугуннинг муҳим жиҳатларидан биридир.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш мақсадида жорий йилда 3 та лойиҳа асосида умумий қиймати 8,7 миллион АҚШ доллари (72 миллиард 210 миллион сўм) миқдорида хорижий инвестиция киритилиши натижасида 400 та янги ишчи ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шу мақсадда яқинда Хитой Халқ Республикасининг “Henan Wanhang Selected Suhhly Chain Management Co. LTD” компанияси томонидан “Агросаноат кластери”ни ташкил қилиш ва чорвачилик комплексини ривожлантириш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштириш, дуккакли дон маҳсулотларини экспорт қилиш лойиҳаси учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган. Айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан икки томон ўртасида биринчи босқичи учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритиш бўйича Меморандуми имзоланди. Хорижий инвесторларга туманнинг “Ғўбдин” массивидан 2200 гектар ер майдони ажратиш таклифлари берилди. Шунингдек, ушбу давлатнинг инвесторлари иштирокида “Хитой Ипак Йўли қурилиш моллари” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ташкил этилмоқда. Корхона томонидан қурилиш материаллари, яъни сандвич панель ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур корхонада жорий йилда 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши эвазига 100 та янги иш ўринлари яратилади. Айни пайтда инвесторлар томонидан корхона қурилиши учун зарур бўладиган асбоб-ускуналар учун Хитой давлатига буюртма берилган. Лойиҳа жорий йилнинг учинчи чорагида амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг инвесторлари иштирокида“Хитой Беш  Бармоқ қурилиш моллари” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан қурилиш материаллари, яъни пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Ҳозирда мазкур корхона қурилиши учун туман ҳокимлиги томонидан “Мингтепа” маҳалласи ҳудудидан 27,7 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 2019 йилда 3 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган. Айни пайтда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда ҳамда сув чиқариш учун қудуқ қазиш ишлари ва электр энергия трансформаторлари тайёр ҳолга келтирилиб, ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Таъсисчилар томонидан пишиқ ғишт ишлаб чиқариш корхонасининг тўлиқ асбоб-ускуна мосламалари Хитой давлатидан транспортировка қилинган. Корхона тўла қувват билан ишга туширилгач 100 та янги иш ўринлари яратилиши билан бирга йилига 18 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, жорий йилнинг март ойи бошида Хитой давлатининг “Ляонин Лиды” инвестицион холдинг корпорацияси президенти Джанг Юлианг бошчилигидаги бир гуруҳ хитойлик тадбиркорлар туманимизга ташриф буюришиб, туманда шамол генератори энергетикаси мосламаси орқали электр энергия қуввати ишлаб чиқариш лойиҳасини ва бошқа бир қанча лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиришди.

Англия давлатининг “First New Hempshire” LTD компанияси “Pupe Diamond Silk” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси билан ҳамкорликда ипак қуртини боқиш ва ипакни қайта ишлаш фаолияти бўйича 2017 йилнинг декабрь ойида қўшма корхона ташкил этилганди. Ушбу корхона қурилиши учун туман ҳокимлиги томонидан 5 гектар ер майдони ҳамда тут плантацияларини ташкил этиш учун 202 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда ташаббускорлар томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда. “Pure Diamond Silk”МЧЖ шаклидаги қўшма корхона томонидан Хитой давлати билан асбоб-ускуналарни киритиш бўйича 900 минг АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, шундан хорижий инвестиция киритилиши ҳисобига 200 та янги иш ўринлари яратилади.

2020 йилда эса “Skuline Tehnoljgu” МЧЖ томонидан Жанубий Корея давлатининг “HGJ Partners” компанияси билан ҳамкорликда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаси учун “Килдон” кичик саноат зонаси ҳудудидан 2,5 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, тўғридан-тўғри 2,5 миллион доллар хорижий инвестиция киритилади. Италия давлатининг хорижий инвесторлари иштирокида “VITUYS DOMINYS” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ташкил қилиниб, декоратив ва мевали кўчатлар етиштириш учун “Ғўбдин” агрофирмаси ҳудудидан жами 200 гектар ер майдони ажратилди.

Қисқаси, ушбу амалга оширилаётган ишлар ва хорижий инвесторларни жалб қилишдан асосий мақсад халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, эл дастурхонини тўкин қилиш ва аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламини доимий иш билан таъминлашга қаратилган.

Аъзам БОЗОРОВ,

туман ҳокимлиги инвестиция бўлими

етакчи мутахассиси.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM