Туманда 2019-2020 йилларда қанча инвестиция лойиҳалари ишга тушади?

Президентимиз Ш.Мирзёев жорий йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Булунғур туманида Хитой ишбилармонларининг тўғрисидан-тўғри сармоясини жалб этган ҳолда янги корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш юзасидан таклифларини билдирганди.

Хўш, ўтган вақт давомида мазкур йўналишда нима ишлар қилинди, қайси йўналишларда келишувларга эришилди? Бу борада амалга оширилган ишлар хақида туман ҳокими Баҳромов Баҳодир Абдуллаевич қуйидагиларни гапириб берди.

– Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси саъй-ҳаракати билан Хитойнинг ўндан ортиқ компанияси мамлакатимиз иқтисодиётига 5 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритиш истагини билдирди, – дея гап бошлади Б.Баҳромов. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан унинг 350 миллион доллари туманимизга йўналтирилди. Ушбу сармоядан самарали фойдаланиш мақсадида туманимиздаги 2 минг гектар лалми ва 3 минг гектар яйлов ерда хитойлик тадбиркорлар иштирокида чорвачилик комплекси яратиш, суяк ва терини қайта ишлаш, балиқчилик, паррандачилик, узумчилик, иссиқхона, интенсив боғ, мева-сабзавотни қайта ишлаш логистика маркази ташкил этиш каби 15 та лойиҳа ишлаб чиқдик. Хитойлик тадбиркорлар бу лойиҳаларни ўрганиб чиқди.

Шунингдек, туманимизнинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ишлаб чиқилди. Дастур доирасида 102 миллиард 595 миллион сўмлик, шундан 11 миллион 200 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилади. Дастур лойиҳасига кўра, 2019 йилда 25 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича 55 миллиард 585 миллион сўм, шу жумладан, 2 та лойиҳа бўйича 8 миллион 700 минг доллар тўғридан-тўғри сармоя киритилади. Ушбу инвестициянинг асосий қисми ҳам Хитой давлатига тегишли – 4 миллион 200 минг доллар. Йилига 1250 квадрат метр сифатли сендвич панел, пенопласт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги корхона хитойлик тадбиркорларнинг 1 миллион 200 минг долларлик сармояси ҳисобидан ишга туширилмоқда. Бунга қўшимча равишда хитойлик тадбиркорларнинг 3 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан 100 иш ўрнига эга бўлган ойига 1,5 миллион дона сифатли ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона ҳам ҳадемай фаолиятини бошлайди.

Туманимизда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш бўйича режаларимиз бор. Айнан шу соҳа ривожини таъминлаш учун 2018 йил 18-27 сентябрь кунлари туманимиздаги мутахассислар ва фермерлар билан Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган "Flor Mart" халқаро кўчатчилик кўргазмасида қатнашдик. У ерда узумчилик ва виночилик соҳасида янгиликларни жорий қилиш борасида бир неча компаниялар вакиллари билан учрашдик ва италиялик тадбиркорлар билан иқлимимизга мос келадиган саноатбоп узум навлари ва декоратив дарахтларни инвестиция ҳисобига келтириш борасида келишиб олдик. Натижада виночиликда машҳур бўлган "Maestro Verde" ва бошқа компаниялар вакиллари туманимизга келиб, ер майдонлари, иқлим шароити билан танишиб, мос бўлган винобоп узум навларини етиштириш ва кейинчалик ўзларининг вино ишлаб чиқариш корхонасини очиш таклифини билдирди.

Умуман, италиялик ва хитойлик инвесторлар билан туманимиздаги 3 минг гектардан ортиқ узумзор ва 5,5 минг гектар боғдан юқори ҳосил олиш ва уни сифатли қайта ишлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш бўйича фаолият олиб боряпмиз. Чунки шу пайтгача боғ ва узумзорларнинг ҳосилдорлиги паст, фойдаланиш самарадорлиги эса 40 фоизга ҳам бормасди. Шунинг учун мавжуд токзор ва боғларни хатловдан ўтказдик ва биринчи йўналиш сифатида экспортбоп узумзорларни тиклаш, иккинчидан, винобоп узум навларини кўпайтиришни режалаштиряпмиз. Муҳими, хорижий ҳамкорлар кўмагида маҳсулотни ўзимизда қайта ишлаймиз ва экспортга чиқарамиз. Бу борада ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида дастлабки амалий ишларни бошлаб юбордик. Яъни, йиллар давомида фаолияти тўхтаб қолган "Булунғур-1" вино ишлаб чиқариш корхонасига замонавий ускуналар келтирилиб, ишлаб чиқариш жараёнини тикладик. Натижада 2018 йилда 800 минг долларлик маҳсулот қўшни давлатларга экспорт қилинди.

Бундан ташқари, Беларусь Республикасининг Могилова областига бориб, балиқнинг ноёб турларини ўзимизда етиштириш, 1 миллион долларлик қуритилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш борасида келишувларга эришдик.

Шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, ўтган йили буюк британиялик тадбиркорларнинг 4,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармояси ҳисобидан "PURE DIAMOND SILK" қўшма корхонасини ташкил этдик. Мазкур корхона йилига 600 тонна пиллани қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, бу ерда 200 нафар маҳаллий аҳоли муқим иш ўрнига эга бўлди. 2020 йилда эса Жанубий Корея сармоядорларининг 2,5 миллион доллар сармояси эвазига мева-сабзавотни саралаш ва қайта ишловчи қўшма корхона ишга тушади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM