БИР МАРТАЛИК УМУМДАВЛАТ АКЦИЯСИ ТУГАШИГА 57 КУН ҚОЛДИ.

Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги 461-сон қарори қабул қилинган.

 

Эслатиб ўтамиз, 1.05.2019 йилга қадар Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик акция ўтказилмоқда. Акция кўп қаватли уйларга, уларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, шунингдек нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.  

 

Фармон қабул қилингандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эътироф этилмайди. Бунинг устига, бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари бекор қилинади.

 

Қабул қилинган ҳужжатда акцияни ўтказиш тартиб-таомиллари белгиланган.

 

Мулк ҳуқуқи эътироф этилиши учун фуқаро давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • мурожаат этувчининг паспорти нусхаси;
  • мурожаат этувчининг оила аъзолари ҳақида, шунингдек ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари.  

 

Мурожаат этувчидан бошқа маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

 

Давлат хизматлари маркази ходими ҳужжатлар олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказиш рақамини кўрсатган ҳолда ариза нусхасида бу тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади. Кўриниб турганидек, аризани қабул қилганлик ва кўриб чиқиш учун ҳеч қандай йиғим тўланмайди (кейинчалик ижобий қарор қабул қилинганда 5 ЭКИҲ миқдорида йиғим тўланади).

 

Ҳужжатлар пакети давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва 1 соат мобайнида ахборот тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалига юборилади.

 

Филиал вакили 3 иш куни мобайнида жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг планини шакллантиради, уни ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг (бундан кейин – комиссия) аъзоларига юборади. Комиссияга ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари бошчилик қилади.  

 

Комиссия аъзолари 5 календарь кун мобайнида иморатни жойга борган ҳолда ўрганадилар ва филиалга ўз хулосаларини (маълумотномаларини) тақдим этадилар:

 

  • туман (шаҳар) ер тузиш ва давлат кадастри бўлими бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкаси қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашгани/жойлашмагани тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) қурилиш бўлими бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат бош режа ва унинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда), қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид равишда, шунингдек муҳофаза зоналарида жойлашгани/жойлашмагани, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бошқа талаблари бузилгани/бузилмагани тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкаси  турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган муҳофаза этиладиган ҳудудда жойлашгани/жойлашмагани, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни жойлаштиришда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилгани/риоя этилмагани тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) давлат бош санитария врачи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва у жойлашган ер участкасида санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилингани/риоя қилинмагани тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – ўзбошимчалик билан қурилган иморатдан фойдаланувчи ва унинг оила аъзолари қайси манзилда рўйхатдан ўтганлиги ёки рўйхатдан ўтмаганлиги тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси – ўзбошимчалик билан қурилган иморатдан фойдаланувчида мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича қарздорлик борлиги/йўқлиги тўғрисида;

 

  • туман (шаҳар) ёнғин хавфсизлиги инспектори – ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва у жойлашган ер участкасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилингани/риоя қилинмагани тўғрисида. 

 

Хулосалар қонун ҳужжатлари нормалари билан асослантирилган, масъул мансабдор шахслар томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим.

 

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари, қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашганда, комиссия аъзолари тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотлардан маълумотномаларни (хулосаларни) сўраб олишга ҳақли. Бундай сўровномага 3 календарь кунида жавоб берилиши керак.

 

Бу – муҳим! Фуқаролар ўртасида низолар бўлса, уни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг эгаси фақат низо қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал қилингандан кейин ва фақат бир марталик акция тугагунга қадар унга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб мурожаат қилиши мумкин. 

 

Комиссия ишчи органи 3 календарь куни мобайнида унинг аъзоларининг хулосаларига (маълумотномаларига) асосан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин/мумкин эмаслиги тўғрисида далолатнома расмийлаштиради. Далолатнома комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

 

Қуйидагиларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди:

 

  • бош режа ва унинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид равишда жойлашган иморатларга;

 

  • магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари, қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;

 

  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда, шунингдек табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;

 

  • иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

 

Далолатномада ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш мумкинлиги кўрсатилган бўлса, шу куниёқ 5 ЭКИҲ миқдорида йиғим тўлаш учун ҳисобварақ-фактура шакллантирилади. Мурожаат этувчи 4 иш куни мобайнида тўловни амалга оширади (муддатда тўланмаган тақдирда эътироф этиш ишлари тўхтатиб турилади, бироқ бир марталик акция тугагунга қадар йиғимни тўлаб, уларни тиклаш мумкин).

 

Йиғим тўлангандан кейин 2 календарь куни мобайнида ишчи органи ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди. Қарор қабул қилиш учун 2 иш куни берилади. Унда шахсга ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам кўрсатилади. Қарор мурожаат этувчига давлат хизматлари маркази орқали 1 иш куни мобайнида юборилади. Марказ ўз муҳри билан тасдиқланган қарорни мурожаат этувчига тақдим этади.

 

Комиссия далолатномада ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмаслиги тўғрисида хулосага келган бўлса, шу куниёқ рад этиш асослари кўрсатилган тегишли хатни давлат хизматлари маркази орқали мурожаат этувчига юборади. Хатда камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилади. Марказ хат тушганидан сўнг 1 соат мобайнида мурожаат этувчини бу ҳақда хабардор қилади. Рад жавоби берилган хат марказнинг муҳри билан ҳам тасдиқланади.   

 

Камчиликларни бартараф этган фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан ҳуқуқни эътироф этишни сўраб яна мурожаат қилишга ҳақли. Бир марталик акция муддати тугагунга қадар шундай қилишга рухсат берилади. Комиссия қарори устидан юқори турувчи комиссияга ёхуд судга шикоят қилиш мумкин.

 
Акцияда иштирок этинг ва мулкдор бўлинг.

 

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM