ҚИЗЛАРИМИЗ ОСИЁДА ЧЕМПИОН

Ўзбекистоннинг қўл тўпи бўйича 21 ёшгача бўлган қизлар терма жамоаси юртимиз шаънини кўплаб нуфузли мусобақаларда муваффақиятли ҳимоя қилишмоқда. Сингапурда бўлиб ўтган Жанубий ва Шарқий Осиё чемпионати ҳам спортчи қизларимиз учун омадли кечди. Улар барча рақибларидан устун эканликларини амалда намойиш қилишиб, чемпионликни қўлга киритишди.

         Терма жамоа сафида туманимизнинг Соҳибкор ва Бўдана маҳаллаларида истиқомат қилувчи, ҳозирда Самарқанд давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида таҳсил олишаётган Умида Худойқулова, Шоҳиста Нарзиқулова, 5-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси  Мадина Худойқуловалар ҳам борлиги эътиборга лойиқ. Улар терма жамоамиз ютуғига салмоқли ҳиссаларини қўшишди. Фахрлиси шундаки, тумандошимиз Умида Худойқулова чемпионатнинг “Энг яхши дарвозабон” номинацияси ғолиби бўлди.

         Терма жамоамиз чемпионатнинг олтин кубоги ва дипломи соҳиби бўлди. Жамоамиз аъзолари ҳам олтин медаллар, қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланишди.