СУДЬЯЛАР АҲОЛИ ҲУЗУРИДА

Булунғур тумани "Мингчинор" маҳалла фуқаролар йиғинида Самарқанд вилоят судлари судьяларининг сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда вилоят судининг судьялари Н.Раҳманова, Г.Эсанова, У.Эшқобилов, Х.Келдиярова ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси Ж.Файзуллаев, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Турсунова, жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Ғ.Негматовлар томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган ҳамда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган 45 нафардан ортиқ аёллар қабул қилинди ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Фуқаролар асосан мерос масаласида, фарзандлари учун моддий ёрдам ажратиш, алимент ундириш, уй-жой ажратиш, набирасига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, мол-мулк бўлиш, уй-жойга киритиш, имтиёзли кредит олиш, моддий таъминот ажратиш, турмуш ўртоғи билан яраштириб қўйиш, шаърий никоҳда бўлган турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтиш, паспортни рўйхатга қўйиш масалаларида мурожаат қилишди.
Шунингдек, Жиноят ишлари  бўйича Булунғур туман судининг сайёр суд мажлиси ўтказилди. Суд мажлисида 2 нафар аёллар жазодан шартли равишда озод қилинди. 
Насиба Жалиловага содир қилган қилмиши учун ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган эди. Н. Жалилова қилмишидан пушаймонлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили асосида жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинди.
Суд томонидан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган Озода Суюнова ҳам жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Энди улар елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил бўлиб, янгидан соғлом турмуш тарзи бошлаш ниятини билдиришди.
Шунингдек,  сайёр қабулда судьялар фуқароларга охирги қабул қилинган қонунлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар беришди.


Навбаҳор ТУРСУНОВА, 
Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM