Депутатлар мактаб директорларини тасдиқлашди

Жорий йил 5 март куни халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги 26 сессияси бўлиб ўтди.

Навбатдаги сессия аввалида, Кенгаш раиси Баходир Абдуллаевич  Кенгаш таркибидаги мавжуд иккита хотин-қизларни яқинлашиб келаётган “8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами” муносабати билан барча депутатлар номидан табриклади.

Шундан сўнг сессия ўз ишини бошлади. Туман Кенгашининг 26 нафар депутати иштирок этган сессия кун тартибида бир қанча масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, кун тартибига мувофиқ, дастлаб туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Ҳабибуллаевнинг “Булунғур туманида ҳудуднинг барча кўрсаткичларини 30 фоизга ошириб бажаришга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда “Булунғур туманида мавжуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва асосий кўрсатгичларни 30 фоизга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурини ижроси тўғрисида”ги ҳисоботлари тингланди.

Шундан сўнг, депутатлар томонидан “Булунғур туманидаги 10, 32, 39, 41, 57 - ҳамда 62 - умумий ўрта таълим мактаб директорлигига муносиб номзодларни тасдиқлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Таъкидлаш керакки, 10 - ҳамда 39 – умумий ўрта таълим мактаблари учун тавсия этилаётган номзодлар сессия ишида иштирок этмаганлиги сабабли, ушбу мактабларга муносиб раҳбар номзодини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилмади.

32, 41, 57 - ҳамда 62 - умумий ўрта таълим мактаб директорлигига талабгор номзодларнинг ҳар бири депутатларни ўзларининг мактаб кўрсаткичларини келгуси уч йилда юқори даражага олиб чиқиш тўғрисидаги дастури билан таништирдилар.

Ҳар бир номзод дастури депутатлар томонидан атрофлича ўрганилиб, қўшимча саволларга жавоблар олинди. Қизғин баҳсларга бой бўлган муҳокамалар якунида муносиб номзодлар очиқ овоз бериш йўли билан тасдиқланди.

Қайд этиш лозимки, айрим номзодларнинг дастури депутатларни қониқтирмаган бўлса, айрим номзодларга бирорта ҳам овоз берилмаган ҳолатлар кузатилди. Шунингдек, мактаб директорлигига тасдиқланган ёки тасдиқланмасада таълим тизимида фаолият юритиб келаётган педагог ва раҳбарларга депутатлар томонидан айрим тавсиялар бериб ўтилди.

Шунинг билан Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги 26 сессияси ўз ишини якунланди.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM