Бўш иш ўринлари ҳақида нега билмаймиз?

Аҳолини иш билан банд бўлиши шахсни доимий равишда муайян касб фаолияти билан шуғулланиши, даромад олиши ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлайди. Ишсизлик ва бекорчилик жамиятда турли ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, бузғунчи ғояларга билиб-билмай эргашиш, фуқароларнинг иш излаб чет элларга қонунга хилоф равишда чиқиб кетишига сабаб бўлади. Оқибатда одам савдоси авж олиб, бош­қа салбий ҳолатлар вужудга келади.

Иш билан таъминлаш масаласида фақат давлат органларигина эмас, балки жамоатчиликни, айниқса, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, яъни иш берувчиларнинг роли катта аҳамиятга эга. Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунининг 18-моддасида белгилаб қўйилган.

Мазкур Қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрь куни 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган "Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида"ги Низомнинг 2-бандида Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари) барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозимлиги кўрсатилган.

Мазкур Низомнинг 4-бандида бўш иш ўринлари борлиги тўғрисидаги маълумотлар, иш берувчининг ваколатли мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг портали (ish.mehnat.uz веб-сайтида) орқали электрон шаклда киритилади, иш берувчининг электрон рақамли имзоси бўлмаганида ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг имкони бўлмаганда, бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар мазкур Низомнинг 2-иловасига кўра, иш берувчининг жойлашган манзили бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига қоғоз (ёзма) шаклида тақдим этилиши, бунда, қоғоз шаклида берилаётган маълумотлар иш берувчининг мансабдор шахси томонидан имзоланиши, бўш иш ўринлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасидан кечикмай тақдим этилиши, бўш иш ўринлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳар ҳисобот ойининг якуний ҳолатига тақдим этилиши кўрсатилган. Мазкур маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим.

Мазкур қонунчиликка иш берувчилар томонидан сўзсиз риоя қилиниши бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ушбу иш ўринларига ишсиз фуқароларни жойлаштиришга шароит яратади.

Бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчининг мансабдор шахсларига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 229-моддасига асосан мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган. Ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблашнинг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

2020 йил мобайнида давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган жами 135 нафар мансабдор шахсга нисбатан 285,44 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, иш берувчилар бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, кўп ҳолатларда мавжуд бўш иш ўринларини яшириш ҳамда иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиш ҳолатлари учрамоқда.

Иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик ва бўш иш ўринларини яшириб, маълумотларни тақдим қилиш сабаблари баъзида мавжуд қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги бўлса, баъзи ҳолларда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг шахсий манфаатларини устун қўйиши, деб хулоса қилиш мумкин.

Қонунчиликка биноан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиши ёки бошқа таъсир чораларини кўрилишидан мақсад уларга нисбатан жазо чорасини қўллаш эмас, балки меҳнат ва аҳоли бандлиги қонунчилигига барчанинг бир хилда амал қилишига эришиш, бўш иш ўринларини аниқлаш ва аҳолини ишга жойлаштиришдир. Айниқса, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш ҳозирги кунда энг муҳим масала эканлиги катта аҳамият касб этади.

Кичик корхона ва микрофирмаларда бўш иш ўринлари мавжуд бўлса, ишчи кучига эҳтиёж туғилса, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ихтиёрий тарзда бўш иш жойлари, ишчи кучига бўлган эҳтиёж ҳақида маълумотлар тақдим этиб, ҳамкорлик қилинса, кичик корхона ва микрофирмалар ҳам ишчи кучи билан таъминланади.

 

Ш. ХОЛИҚУЛОВ,      

вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM