Булунғурдаги “Етимсой қоятош чизмалари” Давлат муҳофазасига олинади

Хабарингиз бор, жорий йил 27 январ куни Булунғур туман ҳокимлигининг телеграм канали орқали “Булунғурда жуда қадимий қоятош чизмалари топилгани айтилмоқда” номли мақола эълон қилинган эди.

Мазкур хабардан кўп ўтмай Kun.uz веб-сайти томонидан ҳам мазкур масала юзасидан мақола эълон қилинди. Мақолада таъкидланганидек, Булунғур туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси Боғбон маҳалласи Бот-бот қишлоғидаги қоятошларга чизилган тасвирларга эътибор қаратади. Ўқувчи Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бериб келаётган Муҳриддинхўжа Холсаидов бу ҳақда хабар беради. Ўқитувчи бевосита археологик топилмаларга ҳам қизиққани боис, қоятошлардаги ноодатий тасвирларга эътибор қаратиб, Самарқанд Давлат Университети мутахассисларига бу ҳақда хабар беради.

Мазкур қоятошлардаги суратларни келиб ўрганган Самарқанд давлат университети доценти Одил Эргашевнинг Kun.uz га маълум қилишича, уларнинг қўлида ҳудуддан топилган тош қуролларининг қолдиқлари сақланмоқда, топилган янги манзил бир неча ўн йиллик тадқиқотларга асос бўлади.

Жорий йил 18 феврал куни Булунғур туман ҳокимлиги, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаменти Самарқанд вилояти бўлими, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят ҳамда туман Кенгаши, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, Миллий археология маркази Самарқанд Археология Институти катта илмий ходими иштирокидаги ишчи гуруҳ томонидан қоятошлар кўздан кечирилди. Ўрганишлардан кўзланган мақсад қоятошларда аниқланган суратларнинг қадимийлик қийматига аниқлик киритиш ҳамда келгусида уларни маданий мерос объектлари рўйхатига киритган ҳолда шикаст етказилишининг олдини олиш эди.

Таъкидлаш керакки, тасвирлар туширилган қоятошлар аҳоли яшаш пунктидан 6–7 километр ичкарида. Маҳаллаий аҳолининг сўзларига кўра, мазкур дарадан ўтган сой “Етимсой” деб аталади. Шундан келиб чиққан ҳолда мутахассислар томонидан топилмаларни шартли равишда “Етимсой қоятош чизмалари” деб номлаш таклиф этилмоқда.

Миллий археология маркази Самарқанд Археология Институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Азбиддин Холматовнинг гувоҳлик беришича, мазкур қоятош чизмалари неолит даврига тегишли эмас. Бироқ, бу ерда неолит даври манзилгоҳи бўлганлиги шубҳасиздир. Топилган қоятош чизмалари Бронза давридан то сўнгги ўрта асрларгача бўлган даврларга оид. Сабаби уларда тасвирланган ҳайвонлар, ов манзалари, уларга ишлов бериш техникаси ва бу жараёнда фойдаланилган иш қуроллари бир-биридан кескин фарқ қилади. Хусусан, қоятош чизмаларида архар, тоғ барси, кийик, эчкининг қадимий турлари, илон, бир ўркачли туялар карвони, қадимий маросимларда одамларнинг рақсга тушаётган жараёнлари тасвирлари мавжуд.

Қолаверса, дарада чашма ҳам мавжуд бўлиб, бир вақтлар унинг анча катта бўлганлигини пайқаш қийин эмас. Аҳолининг айтишича йилнинг тўрт фаслида ҳам бу тоғ тизмаларида сув бўлади.

Аниқланган маълумотлар асосида Археология Институти хулосаси олингач, мазкур чизмалар топилган ҳудуд Маданий мерос объектлари рўйхатига киритиши ҳамда туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, муҳофазага олиниши режалаштирилмоқда. Бугунги экспедиция давомида маҳаллий аҳоли вакиларидан Ҳотамов Саидмурод кўнгилли равишда ҳудуд назоратчиси этиб белгиланди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM