Учрашувлар давомида ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда

Булунғур туманида ёшлар муаммоларини аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган ёшлар билан учрашувлардан ҳам ана шу мақсад кўзланган бўлиб, учрашувлар давомида ёшлар мурожаатлари тингланмоқда ва ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Мингчинор маҳалласидаги 36 мактабда ўтказилган учрашувда туман ҳокими, туман давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, тегишли кохона ва ташкилот, банк раҳбарлари ҳамда тумандаги 6 та маҳалладан келган ёшлар иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, туманда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ёшларнинг аксарияти ер олиш истагида мурожаат қилдилар. Билдирилган мурожаатларга мувофиқ ҳар бир ёшга ўзи яшаб турган уй манзилига бевосита яқин ҳудуддаги фермер хўжаликларидан шартнома асосида ер ажратиб берилиши белгиланди. Қайд этиш лозимки, мазкур ҳолатларда ажратиладиган ер майдони ҳажми талабгор ёшларнинг хоҳиши, оилавий вазиятига кўра 25 сотихдан 1 гектарга қадар этиб белгиланмоқда. Бунда  талабгор ёшлар фермер хўжалиги раиси билан ўзаро шартнома имзолашади ва ажратилган ер майдони учун солиқ тўловларини амалга оширишади. Натижада ҳар бир ёш учун меҳнат дафтарчаси очилиб, меҳнат стажи ёзилиб борилади.

Ўтказилган қабул якунига қадар 37 та ёш томонидан ер масаласида, 1 та ёш томонидан кредит масаласида мурожаат билдирилган бўлса, турли масалалар юзасидан мурожаат қилган яна 4 та ёшга ҳуқуқий тушунча берилди.

Таъкидлаш керакки, бу каби учрашувлар тасдиқланган график асосида тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM