Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аҳолини ташвишга солаётган жиддий муаммоларни аниқлашнинг бутунлай янгича тизимининг жорий этилиши қисқа вақт ичида фуқароларнинг давлат институтларига ишончи даражасини ортишига ва давлат хизматчилари томонидан ўзига юклатилган иш соҳасига муносабати ва масъулиятини тубдан ўзгартириш имконини берди.

Ҳар бир инсоннинг, керак бўлса, ҳар бир давлатнинг асосий мақсадларидан бири, шубҳасиз, фаровон ҳаётни таъминлаш, тараққиётга эришиш ҳисобланади. Бунга эса, фақат баландпарвоз гаплар билан эмас, аввало, шароит, имконият ва қулайлик яратиш орқалигина етиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан бери куюниб айтадиган бир гапи бор: халқимизни рози қилишимиз керак!

Тан олайлик, кундалик ҳаётимизда одамларга енгиллик беришдан кўра, уларга тўсиқ бўладиган, халақит берадиган омиллар оз эмас. Эътибор берсак, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган эди. Ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги вужудга келганлигини инобатга олиб ана шундай бир шароитда жорий йилнинг 9 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ўзининг амалий аҳамияти билан диққатга молик иш бўлди.

Мазкур ҳужжат давлат томонидан тартибга солиш ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш, маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, бюрократик тўсиқларни бартараф этишни кўзда тутадиган бир қатор муҳим вазифаларни ўзида қамраб олган.

Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг алоҳида функция ва ваколатларини тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш кўзда тутилган. Ўз навбатида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бир қатор функция ва ваколатлари чиқариб ташланади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг 28 турдаги маълумотнома-ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилишига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг берилишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Бу нимани англатади? Бу фуқароларимиз 28 турдаги бюрократик тўсиқ ёки сарсонгарчиликдан халос бўлганини англатади.

2021 йил 1 январдан эътиборан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантириладиган ҳамда амалга ошириладиган бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳужжатлари билан тузилган алоҳида идоралараро коллегиал органларнинг айримлари ваколатларини тегишли давлат органлари ва ташкилотларига ўтказган ҳолда, 2020 йил 1 январдан бошлаб уларни тугатиш кўзда тутилгани ҳам диққатга сазовор.

Умуман, қарор билан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқлангани ўз вақтида қабул қилинган ғоятда муҳим чора, катта, фойдали иш бўлди.

Бюрократия ҳеч қачон, ҳеч кимга фойда келтирмаган. У ишни ҳам, тараққиётни ҳам орқага тортади, холос. Шу маънода, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этишга қатъий қарор қилингани эртанги тараққиётимиз сари ташланган яна бир муҳим қадамлардан бўлди..

Қонун билан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қуйидаги функция ва ваколатлари бекор қилинди:

фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарнинг технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари учун келишиш лозимлиги;

корхоналар ва ташкилотларга қуйидаги масалаларда ёзма кўрсатмалар бериш:

  • сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг;
  • соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг;
  • ерларнинг ботқоқланиши ва шўрланишининг;
  • тупроқ эрозиясининг, жарлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувлар етказадиган бошқа зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириш.

Аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қуйидаги ваколатлари чиқарилди:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш ваколати;

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга  киритилган ўзгартиришга кўра, ҳокимларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколати;

“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш ваколати;

“Ўрмон тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгаришга кўра, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги, шунингдек суғурта полисининг ҳайдовчи ёнида бўлмаслиги транспорт воситаларини ушлаб туришга асос бўлмайди.

Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш вақтида ундан турар жойидан маълумотнома талаб қилиниши бекор қилинди.

Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида қонунийлик ва шаффофлик даражасини ошириш, стандартлаш ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради. Бу эса халқимизнинг ўз вактидан унумли фойдаланишига ўз ҳиссани қўшади.

 

 

 

Булунғур тумани ҳокимлиги бош юрисконсульти:                              О.Джуманазаров

 

 

 

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM