Навбатдаги сессияда қандай масалалар кўрилди?

Жорий йил 27 октябр куни халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги XVI сессияси бўлиб ўтди. Тумандаги барча умумтаълим мактаби директорлари иштирок этган сссия кун тартибида 3 та масала муҳокама этилди.

 

Кун тартибига мувофиқ, биринчи масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Ильчиев, туман Халқ таълими бўлими мудири З.Алиқулова, туман мактабгача таълим бўлими мудири У.Губаеваларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасига таклифлари тингланди. Мазкур қонун лойиҳасига киритилаётган таклифлар депутатлар томонидан муҳокама этилиб, қатор қўшимча таклифлар берилди. Жумладан, 3-Каттақишлоқ сайлов округидан сайланган депутат Абдуалим Азимов мактабга ўқитувчиларни директорлар томонидан ишга қабул қилиниши кўррупцияга сабаб бўлаётганлиги учун, ушбу ваколатни туман халқ таълими мудирига бериш лозимлигини таъкидлади.

Кун тартибидаги иккинчи масалага мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Фуқаролар йиғинлари фаолиятини 2020 йилнинг 1-ярим йиллик бўйича рейтинг баҳолаш натижалари тўғрисида”ги 02-01/1091-сонли хати билан тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолияти баҳоланиб, натижалар маълум қилинганлиги билдирилди. Рейтинг натижаларига кўра туманда 7 та маҳалла фаолияти “наъмунали”, 47 та маҳалла фаолияти “яхши” ва 1 та “Бешкуви” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти "қониқарли" деб топилганлиги таъкидланди. Муҳокамалар якунига кўра ушбу маҳалланинг иш фаолияти депутатлар гуруҳи томонидан атрофлича ўрганиладиган ва ўрганиш натижаларига кўра маҳалла раисининг эгаллаб турган лавозимида қолиш қолмаслиги масаласи ҳудуддаги вакиллар йиғилишида кўриб чиқилиши белгиланди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан, Булунғур тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари О.Ахмаджоновнинг “2020 йил 9 ойи мобайнида туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноят ошган махаллаларда профилактик ишларни амалга ошириш борасидаги амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти тингланди.

Таҳлилларга кўра, туман худудида жами 55 та махаллар мавжуд  бўлиб, улардан

29 та махаллаарда жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган,

7 та махаллаларда жиноят суръати камайган,

11 та махалларда содир этилган жиноятлар тенг холатда

8 та махалларда жиноятлар содир этилиши кўпайган.

Соҳада олиб борилаётган ишларнинг бугунги аҳволи, бир қанча кўрсаткичларнинг салбий томонга ўзгарганлиги депутатлар томонидан танқид қилинди. Сессия якунига кўра, 1 ой муддатда соҳа ходимларининг ҳисоботи туман кенгаши сессиясида қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM