Туман Кенгаши сессиясида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари муҳокама этилди

Булунғур туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгашининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Баходир Бахрамов, Олий Мажлис сенати аъзоси Фарход Боқиев, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Абдуллаев, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

 

Сессия кун тартибида 4 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, кун тартибидаги биринчи масалага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокими Баходир Абдуллаевичнинг туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасида амалга оширилган ва амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахбороти тингланди. Кун тартибидаги баҳс мунозаралардан сўнг, туман ҳокимининг “Булунғур туманида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Қарорга кўра, Булунғур тумани ҳокимлиги ҳузурида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, кун тартибидаги иккинчи масалага кўра, туман маҳаллий бюджети 2020 йил 2-чорак даромадлар прогноз режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан, “openbudjet” порталига фуқаролар томонидан энг кўп берилган таклифларни инобатга олиб, тумандан ўтувчи М-39 йўли бўйлаб қурилган намунали уйларда яшовчи фуқароларнинг фарзандлари 46-умумий ўрта таълим мактабига бориб келишлари учун “Дўстлик” қабристони ёнига пиёдалар йўлакчасини барпо этиш учун 43 956 минг сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама этилгач, депутатлар аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда юзага келаётган муаммолар юзасидан Олий Мажлис сенати аъзоси Фарход Боқиевга мурожаат қилишди. Сенатор, ушбу соҳадаги муаммолар билан боғлиқ маълумотлар туман Кенгаши ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилса, келгусида ўтказилиши режалаштирилаётган Сенат йиғилишига ушбу масалани албатта олиб чиқишини билдирди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM