Туман ҳокимининг “Небўса” маҳалласидаги қабули 4 соат давом этди

Жорий йил 22 октябр куни Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахрамов 1-сектор ҳудудидаги Небўса маҳалласида навбатдаги қабул ўтказди. Туман халқ қабулхонаси мудири Темур Соипов, туман ҳокимининг маҳалла ва оила ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этган қабул давомида ҳоким фақатгина “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар муаммоси билан шуғулланди. Мазкур жараёнда рўйхатга олинган фуқаролар билан қандай ишлаш кераклиги, масалага қандай ёндашиш лозимлигини кўришлари ва тушунишлари учун маҳалла раислари ва уларнинг хотин-қизларни сиёсий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича  ўринбосарлари ҳам иштирок этишиб, жараённи бевосита кузатиб боришди.

Туман ҳокими мазкур маҳалладан “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган ҳар бир фуқаро билан индивидуал суҳбатлашар экан, унинг қандай муаммолари борлиги, нималарга қизиқиши, лаёқати борлиги, қандай орзу, режалари бор ва бу йўлда унга қандай ёрдам кераклиги тўғрисида батафсил гаплашди. Фуқароларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, таклифлари тингланиб, зарур ҳолларда таклифлар берилиб, ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ бир тўхтамга келиб олинди. Якунга кўра кимгадир тиббий ёрдам кўрсатиладиган бўлди, кимгадир тикув машинаси, кимгадир деҳқончилик учун зарур миқдорда ер ажратиб бериладиган бўлди, кимдир ўз хоҳишига кўра ишга жойлаштирилди. Асосийси рўйхатдаги ҳар бир фуқаронинг муаммоси ўз ечимини топадиган бўлди.

Худди шундай, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан ҳам индивидуал суҳбатлашиб, мурожаат ва таклифлари тингланди. Якунда маҳалла қизлари аксариятининг таклифига кўра маҳаллада марказлашган ҳолда фаолият юритувчи тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўриладиган, баъзи ёшлар “Чангал 1” маҳалласида ташкил этилиши режалаштирилаётган бепул касб-ҳунар курсларида ўқитиладиган бўлди.

Фуқаролар билан суҳбатдан сўнг, туман ҳокими масъулларга ечими йўқ жараённинг ўзи йўқлигини, бир таклиф тўғри келмаса бошқа йўналишлар чорасини кўриш лозимлигини таъкидлади. Ҳоким рўйхатга олинган ҳар бир фуқаро билан шахсан гаплашишга барибир вақти етмаслигини, масъуллар ишни худди шу тартибда ташкил қилиб, жамланган маълумотларни, таклифларни киритишса, уларнинг ечими ҳам тезлашишини ва сезиларли ижобий натижалар бўлишини билдирди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM