Электр трансформатор, гриппга қарши вакцина... Ҳоким аҳоли муаммоларини тинглади

Жорий йилнинг 13 октябр куни Булунғур тумани “Небўса” маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Маҳалладаги 7 умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр қабулда туман ҳокими Баходир Бахрамов, халқ қабулхонаси мудири Темур Соипов, сектор ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этишди.

Сайёр қабул аввалида туман ҳокими бугунги кунда иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва қишлоқ хўжалиги соҳасида туман ҳаётида рўй бераётган асосий ўзгаришлар, истиқболли режалар тўғрисидла қисқача маълумот бериб ўтди.

Қабул давомида фуқаролардан турли мазмундаги мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатда кўтарилган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ижобий ҳал этилиши чоралари кўрилди. Жумладан, Р.Хўжамурадов мурожаатига мувофиқ, маҳаллада кичик бўлсада қишлоқ врачлик пункти масаласи кўриб чиқиладиган бўлди. Фуқаро Ҳ.Ўмирзақов эса маҳаллага янги трансформатор кераклигини, аҳоли кўпайганлиги сабабли электр энергияси қуввати етмаётганлигини маълум қилди. Мазкур мурожаатга мувофиқ, туман ҳокими шу ой якунига қадар янги трансформатор ажратилиши ва муаммо ижобий ҳал этилишини маълум қилди. Бундан ташқари маҳалла кексалари яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсуми олдидан маълум бир тўлов эвазига бўлсада гриппга қарши вакцина олиш истагини билдирдилар. Туман ҳокими мазкур масала ҳам ижобий кўриб чиқилишини ва бу ҳақда уларга қўшимча хабар берилишини маълум қилди.

Бу каби сайёр қабуллар туманда тизимли равишда ташкил этилиб келинмоқда ва аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечимида муҳим рол ўйнамоқда.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM