ШАҲАРДАН ҚОЛИШМАЙДИГАН ҚИШЛОҚ

   Бундан бир йил илгари қишлоғимизга келган киши бугун шаҳардан қолишмайдиган қишлоғимизни танимай қолиши шубҳасиз. “Обод қишлоқ” Дастури асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланганига эса унча кўп вақт бўлгани йўқ.  Кўчалари кенг ва равон, шинам уйлар, кўркам бинолар, йўл четларидаги турли хил маиший ва савдо дўконлари, дам олиш ва кўнгил очар жойлари ўзига ярашиб турган қишлоғимиз бугун ҳар қандай шаҳардан қолишмайди.

   Қишлоғимиздаги 474 та оилада жами 2153 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирги кунда 349 та хонадондан 213 таси таъмирланиши лозим бўлиб, шундан 196 та хонадонларда таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Қолган 17 та хонадонда таъмир ишлари тугалланиш арафасида. Ишга яроқли фуқароларимизнинг барчаси, жумладан хотин-қизларимиз  ҳам уй деворларини оқлаш, эшик-ромларни бўяш, кўча четларини, ҳовли атрофларини тозалаш, турли хил хушбўй гулларни экиб парваришлаш, томорқалардаги экин-тикин ишларидаҳам фаол иштирок этишмоқда.

   Қишлоғимизнинг 5,3 километр узунликдаги ички йўлларини таъмирлаш учун 1 миллиард. 629 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган бўлиб, шундан 1,9 километр узунликдаги ички йўлларга асфальт ётқизиш учун 1 миллиард. 286 миллион сўмлик, 3,4 километр тупроқ йўлга тош тўшаш ишлари учун 342,9 миллион сўмлик ишларни бажаришни зиммаларига олган туман йўл қурилиш бўлими идораси ишчилари томонидан бу ишлар тўлиқ амалга оширилди. 1,9 километр узунликдаги асфальт йўлнинг ҳар иккала четларидаги пиёдалар юриш йўлакларига ҳам бетон қуйиш ишлари тугалланиш арафасида. Йўлнинг ҳар иккала четларига бетон ариқлар ётқизиб чиқилди. 2,2 километр узунликдаги электр тармоқларидаги симлар янгиланиб, 60 дона симёғочлар ўрнига бетон устунлар ўрнатилди.

   Сув келтирган элда азиз, дейди халқимиз. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун “Бул ватер голд” хусусий корхонаси ишчилари томонидан 1 та артезиан сув иншооти ўрнатиш ва 1,8 километр сув тармоғи тортиш учун режалаштирилган 374,3 миллион сўмдан айни дамгача 280,5 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, жорий йилда қишлоғимиздаги 115 та хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш режалаштирилган эди. Ҳозирда уларнинг барчасининг эҳтиёжлари қондирилди.

   Шунингдек, пудратчи ташкилотлар томонидан 3-умумтаълим мактаби тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Тадбиркор Низом Шеронов томонидан қишлоғимиз марказида “Мини стадион” қурилиши ишлари тугалланди. Бундан ташқари, тадбиркор Сафар Мардиев томонидан “Икки қаватли маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси”, тадбиркор Рустам Рисқулов томонидан икки қаватли “Ҳаммом” биноси қурилиши ишларининг асосий қисми бажарилди. Икки қаватли мактабгача таълим муассасаси пудратчи “Ясмина нур сервис” хусусий корхонаси ишчилари томонидан беш ой мобайнида қуриб битказилиб, ҳозирда фойдаланишга топширилиш арафасида. Юқорида номлари келтирилган мажмуалар ишга туширилиши билан яна ўнлаб янги иш ўринлари яратилиб, фуқароларимиз бир қанча қулайликларга эга бўлишади.

   Бунёдкорлик ва ободончилик ишларида фаол иштирок этган барча раҳбарлар, мутахассис ва қурувчилардан қишлоғимиз аҳли беҳад миннатдор. Амалга оширилаётган бу эзгу ишларнинг барчаси қишлоғимиз аҳлининг келгусида фаровон ҳаёт кечиришлари учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Кумушой ИБРАГИМОВА,

“Каттақишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш

ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни

мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.

 

2015-2024 © Хокимият Булунгурского района. Разработан в: SAKTRM