Коронавирус пандемияси муносабати билан Булунғур тумани ҳокими Б.А.Бахрамовнинг туман аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум ҳурматли булунғурликлар!

Бугун коронавирус пандемияси сабабли бутун инсоният мураккаб даврни бошидан ўтказаётганлиги ҳеч кимча сир эмас. Инфекция дунё бўйлаб 190 дан ортиқ давлатларни қамраб олди. Бу вабо мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

Бугун биз, сектор раҳбарлари туманимиз аҳолисига мурожаат қилиб, тумандаги эпидемиалогик вазият, инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Бугунги кунда туман фуқароларининг 24 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, шундан, 19 нафари касаликдан фориғ бўлди. Айни дамда 1 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлса, қолган 4 нафари касаллик аломатсиз кечаётганлиги сабабли ўз уйларида даволанмоқда. Беморларнинг аҳволи мўтадил.

Беморларни даволаш учун туман тиббиёт бирлашмасида 20 ўринли юқумли касалликлар бўлими тайёрлаб қўйилган. Бундан ташқари, Килдон саноат коллежи биносида 250 ўринли вақтинчалик шифохона тайёрланмоқда.

Пандемия даврида аҳоли томонидан мурожаатларнинг кўпайганлиги боис (бир суткада 130 дан -150 тагача) ва “103” тармоғи банд бўлишининг олдини олиш учун туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўшимча 5 та телефон аппарати ўрнатилди ва уларга қўшимча ходимлар бириктирилди. Бугунги кунда туманимиз ахолисига 14 та тез тиббий ёрдам машиналари  хизмат кўрсатмоқда. Шулардан 4 та бригада Булунғур шаҳри аҳолисига, 10 таси эса марказдан узоқда жойлашган аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ажратилган.

Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасида “КОЛЛ-ЦЕНТР” – тиббий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тиббий маслаҳат маркази тун-у кун -  24 соат давомида туманимиз аҳолисидан мурожаатларни қабул қилмоқда.

Маълумот учун, “КОЛЛ-ЦЕНТР” ишонч телефон рақамлари:

(66) 442-22-84

(66) 442-23-57

(66) 442-25-70

Туманда 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 8 та қишлоқ врачлик пункти, 6 та тез ёрдам шахобчаси, 4 та патронаж пунктлари фаолият олиб бормоқда. Уйида даволанаётган беморлар ва коронавирус инфекцияси тахмини билан мурожаат қилаётган фуқаролар учун 2 та “Дамас” автомобили ажратилиб, “Мобил эпидемиологик гуруҳ” хизмати йўлга қўйилди.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий полклиникаларидаги умумий амалиёт шифокорлари ва тез ёрдам врачлари 50 дона мобиль телефонлар билан таъминланган. Уйда даволанаётган беморларнинг ҳолатини ўрганиш юзасидан кунлик назорат ўрнатилган.

Шунингдек, инкирозга карши курашиш жамгармаси фондидан туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази учун зарурий дори воситалари, дезинфекцияловчи автомакс аппаратлари, махсус кийим - кечак олиш учун жами 62 миллион сўм микдорида маблаг ажратилди. Бундан ташкари, жамгарма фондидан 84 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, марказ учун “Дамас” автомашинаси харид қилинди.

Бугунги кунда туманда 43 та дорихоналар фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг 24 июл куни тумандаги дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётган барча тадбиркорлар билан учрашиб, гаплашиб олдик. Учрашувда коронавирусга қарши қўллаш тавсия этилаётган 49 турдаги дори воситаларининг захираси мавжудлиги ўрганилди. Тумандаги барча дорихоналарда мазкур дори воситаларининг 3 ойлик заҳирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ушбу дори воситалари нархи ошишинг олдини олиш юзасидан зарурий чоралар кўрилиши белгиланган.

Ҳурматли тумандошлар!

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди ва бир қатор карантин чекловлари ўз кучида қолди. Жумладан, тумандаги буюм бозори, тўйхона ва ошхоналар фаолияти тўхтатилди. Аҳоли ва жамоат транспорти ҳаракатига вақтинча чекловлар ўрнатилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август кунлари сутка давомида ҳаракатланиш тўлиқ тўхтатилиши белгиланди.

Олиб борилаётган барча тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларига қарамасдан, карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Хусусан, аҳоли гавжум жойлар, савдо шахобчаларида  ўзаро ижтимоий масофа сақлаш меёрлари бузилиши кузатилмоқда. Айрим фуқаролар талабга жавоб бермайдиган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланаётганлиги, қишлоқ ҳудудларда карантин талабларига эътиборсизлик қилинаётганлиги вируснинг аҳоли орасида янада кенгроқ тарқалишига олиб келиши мумкин.

Коронавирус пандемияси қачон тугаши ҳеч кимга маълум эмас. Вазият қанчалик мураккаб бўлишига қарамасдан, турли тасдиқланмаган хабарларга ишонмасдан, шифокорлар тавсияларига қатъий риоя қилиб, ушбу синовларни сабр-тоқат билан егиб ўтишимиз лозим. Зарурат бўлмаса жамоат жойларига чиқмаслик, турли маросимларда қатнашмаслик, инфекция кўп тарқалган ҳудудларга бормасликни сўраймиз. Ана шундагина ушбу синовларни талофатсиз енгиб ўтишимиз мумкин.

Ҳурматли булунғурликлар!

Бугунги пандемия ҳолатини инобатга олган ҳолда секторлар 24 соат фаолият юритмоқда. Сектор раҳбарларининг хизмат телефони ҳамда телеграм манзиллари сектор штаби, тумандаги барча маҳалла марказлари олдига ёзилган. Бундан ташқари ишонч телефонлари туман ҳокимлиги расмий-веб сайтига ҳам жойлаштирилган бўлиб, бугунги карантин даврида бемалол масофадан туриб мурожаат қилишларингиз мумкин. Биз, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, тумандаги барча корхона ва ташкилотлар халқимизни эшитишга, кўмаклашишга доим тайёрмиз.

Фурсатдан фойдаланиб бугунги мураккаб даврда ўз ҳаётини хатарга қўйиб, халқимиз учун фидокорона курашаётган тиббиёт ходимларига ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз.

 

Эътиборларингиз учун раҳмат! Саломат бўлинг!

 

2015-2024 © Bulung‘ur tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM