Навбатдаги сессия ўтказилди: касб-ҳунар мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари очилади

Жорий йил 15 октябр куни Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида 7 та масала кўриб чиқилди.

Жумладан, кун тартибидаги биринчи масалага мувофиқ Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамовнинг “Жорий йил якунигача Булунғур тумани ҳудудининг барча кўрсаткичларини 30 фоизга ошириб бажаришга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастури юзасидан ахбороти” тингланди. Туман ҳокими ўз маърузасида қишлоқ хўжалиги мева-сабзавот етиштириш, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш натижасида жорий йил якунлари билан сув тежовчи технологиялар билан таъминланган майдонларни 1800 гектарга етказиб умумий майдондаги улушини
6,4 фоизга, 2021 йилнинг 1 чорак якунлари билан 2300 гектарга 8,2 фоизга ва 2021 йил 1-ярим йиллик якунлари билан 2800 гектарга 10 фоизга етказиш чоралари кўрилишини маълум қилди. Шунингдек, саноат, бандлик, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Сессия давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар таҳлили тўғрисидаги маълумотлар тингланиб, таҳлил қилинди.

Сессия давомида депутатлар тумандаги 1 ва 2-сон Касб-ҳунар мактабида, Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиблари тўғрисидаги масалаларни муҳокама этишди. Депутатлар мазкур таълим муассасаларида барча ходимлар тест топшириб, инфекция текширувидан ўтган, барча хафвсизлик чоралари кўрилган бўлсада, кейинчалик ҳам фаолият давомида кунлик вазиятдан келиб чиққан ҳолда фаолият йўналишини ўзгартириб бориш лозимлигини таъкидлашди.

Кун тартибидаги еттинчи масала юзасидан туман маҳаллий бюджети ва туман маҳаллий бюджетининг даромадлар прогноз режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлар масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнларида депутатлар томонидан ҳам бир қатор таклифлар келиб тушди. Жумладан, туман марказидаги темир йўл усти пиёдалар ўтиш йўлини тунги ёртиш чироқлари билан ёритиш масаласи кўтарилди. Кенгаш раиси Баходир Бахрамов ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар томонидан ҳам бу масала кўтариб чиқилаётганлиги, кўприк усти ва атрофини ёритиш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Булунгур туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM